Ходимнинг бир куни. Ўзгарган тақдирлар мезон бўлса...
2026-08-03 08:35:00 / Янгиликлар

Ўтган ҳафтада Зомин тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи инспектори, катта лейтенант Авазбек Бойқуловнинг бир кунлик хизмат фаолиятига ҳамроҳлик қилдим. Вақт эрталабки соат саккиз эди. Ҳужжатлар кўздан кечирилди, кунлик иш режалаштирилди. Борар манзилларни белгилаб олиб, йўлга чиқдик.
— Пробациянинг вазифаси жазолаш эмас, инсонни тўғри йўлга қайтариш, — дейди инспектор йўл-йўлакай. — Ишимизда назорат муҳим. Аммо, инсоннинг эртанги кунига ишонч уйғотиш, дунёқараши ва ҳаётга муносабатини ўзгартиришга эришиш унданда муҳим.
Биринчи манзил Шароф Рашидов номли массивдаги «Азиза Асланбек» масъулияти чекланган жамияти бўлди. Корхонага пробация назоратида турган Нурмуҳаммад Абдикаримов, Одил Исмоилов ва Холмуҳаммад Ортиқмуродовлар ишга жойлаштирилган экан. Инспектор улар билан суҳбатлашди, меҳнат шароити, иш интизоми билан қизиқди. Қисқа суҳбатлардан англадимки, меҳнат ҳар қандай инсонни ўзгартирар экан. Кечаги адашган одамлар бугун меҳнати билан оиласини боқишга, ҳалол йўл билан нон топишга интиляпти. Ана шу ўзгариш пробация хизматининг энг катта ютуғи ҳисобланади.
Навбатдаги манзил «Мустақиллик» маҳалласи бўлди. Бу ерда озодликни чеклаш жазосини ўтаётган Суннатулло Унгаровнинг яшаш манзилидаги ҳаракати текширилди. У назоратдаги шахснинг онаси, аёли билан суҳбатлашди. Суҳбатни худди оиланинг яқин одамидек олиб борди. Бу ҳол менда назоратчидан кўра дўстдек таассурот уйғотди. Профилактика инспекторидан Суннатуллонинг хонадонини тарк этмаслик мажбуриятига амал қилаётгани маълум бўлди. «Пробация хизмати инсоннинг хатосини, ўтмишини ҳадеб эсига солмасдан, унинг соғлом келажагини яратувчи хизмат», — деди катта лейтенант кўчага чиққанимизда.
Йўл-йўлакай рақамлар билан танишдик. Зомин тумани ИИБ ЖХХ пробация хизмати томонидан жорий йилнинг беш ойи мобайнида 168 нафар шахс пробация ҳисобига олиниб, 188 нафар шахс назоратдан чиқарилди. Қайта жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган 17 нафар шахс раҳбарларга бириктирилиб, улар билан манзилли профилактик ишлар олиб борилган. Назорат остидаги 48 нафар шахс касб-ҳунарга ўқитилиб, 376 нафари доимий иш билан таъминланибди.
— Ўрганиш ва текширувларда тунги чекловларга амал қилмаган 12 нафар маҳкум расман огоҳлантирилди. Ижобий хулқ-атвори билан намуна бўлган 67 нафар маҳкум муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод этилди. Суд талабларини мунтазам бузган 11 нафар маҳкумга нисбатан эса жазо оғирроқ турига алмаштирилди, — дейди суҳбатдошимиз.
Шу куни яна иккита ишлаб чиқариш корхонасида бўлдик. Хизмат куни якунланар экан, бир фикр хаёлимдан ўтди: пробация ходими ишини рақамлар билан эмас, ўзгарган тақдирлар билан ўлчаш керак. Ҳалол меҳнатга қайтган инсон, касб ўрганган маҳкум, оиласи бағрига қайтаётган ота, қайта жиноят содир этмасликка қарор қилган фуқаро — ана шу натижалар пробация хизматининг ҳақиқий баҳосидир.
