Ички ишлар органлари кадрлар йўналиши ва комплаенс тизими доирасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди
2026-08-02 09:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосарлари полковник Диёрбек Саттаров ҳамда полковник Рустам Мирзаев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш, комплаенс тизими, хизмат интизоми ҳамда қонунчиликни мустаҳкамлаш, шунингдек «Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги» доирасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, юртимиз Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, маъмурий бинолар, хизмат объектлари ҳамда ходимлар хонадонларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ходимлар соғлиғини муҳофаза қилиш, улар ўртасида профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда мазкур йўналишдаги долзарб вазифалар танқидий таҳлил қилиниб, масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Муҳокамалар давомида вазир ўринбосарлари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириб, ҳудудий ички ишлар органлари масъул раҳбарларининг ҳисоботларини тингладилар.
Йиғилиш якунида соҳадаги иш самарадорлигини янада ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш ҳамда хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.








