Ўзбекистонда ёшларни кибержиноятчилик ва рақамли зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қўшма дастур якунланди
2026-08-01 18:20:00 / Янгиликлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ҳамда БМТ Тараққиёт дастури (INDP) Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда ёшларнинг кибержиноятчилик ва рақамли зўравонликка қарши барқарорлигини мустаҳкамлаш» қўшма дастурини якунлади. 2025 йил февралидан 2026 йил июлигача БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича ишонч жамғармаси (UNTFHS) молиявий кўмагида амалга оширилган дастур ёшларни кибержиноятчилик ва рақамли зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича миллий салоҳиятни мустаҳкамлашга, институтлар фаолиятини ривожлантиришга, рақамли саводхонликни оширишга ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар билан ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилди.
Дастур Ўзбекистонда рақамли технологиялар ва онлайн хизматларнинг жадал ривожланиши натижасида юзага келаётган янги имкониятлар билан бир қаторда, ёшларнинг кибержиноятчилик, онлайн фирибгарлик, кибербуллинг ҳамда технологиялар орқали содир этиладиган гендер зўравонлигига дуч келиш хавфи ортиб бораётганига жавобан ишлаб чиқилди. Инсон хавфсизлиги ёндашуви асосида амалга оширилган дастур давлат идоралари, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, кўнгиллилар ва ёшларни бирлаштириб, профилактика ҳамда жавоб чораларини кучайтиришга хизмат қилди.
Дастур давомида 100 мингдан ортиқ киши бевосита қамраб олинди. Улар орасида ёшлар, педагоглар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, маҳалла вакиллари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари бор. Дастур доирасида фаолиятини давом эттирадиган иккита миллий механизм яратилди: Тошкент шаҳридаги Ёшлар кибержиноятчилигининг олдини олиш маркази ҳамда виртуал Ресурс ва методик марказ. Шунингдек, 29 мавзуни қамраб олган олтита интерактив ўқув модули ва киберхавфлар ҳамда рақамли зўравонликка бағишланган еттита видеодарсни ўз ичига олган янги онлайн таълим платформаси ишга туширилди. Бу эса мамлакат бўйлаб ёшлар ва мутахассислар учун амалий ўқув ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди.
Дастур миллий салоҳиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ўқитувчилар ва маҳалла вакилларини ўз ичига олган 150 нафардан ортиқ мутахассис кибержиноятчилик ва рақамли зўравонликнинг олдини олиш, аниқлаш ва унга жавоб бериш бўйича махсус тайёргарликдан ўтди. Халқаро методик қўлланмалар ўзбек ва рус тилларига мослаштирилди ҳамда технологиялар орқали содир этиладиган гендер зўравонлиги бўйича янги тадқиқот қонунчиликни такомиллаштириш, жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш учун тавсиялар ишлаб чиқишга асос бўлди.
Дастур ёшлар етакчилиги ва маҳаллий ҳамжамиятлар иштирокини ҳам қўллаб-қувватлади. 470 нафардан ортиқ ёш киберхавфсизлик ва янги рақамли таҳдидларга бағишланган Модель БМТ конференцияларида иштирок этди. 50 нафар БМТ Кўнгиллиси эса ҳудудларда рақамли саводхонлик бўйича тадбирларни ўтказиб, эҳтиёжманд ёшлар билан ишлади. Тенгдошлар орқали хабардорликни ошириш мақсадида ўтказилган миллий танлов якунида ёшлар томонидан яратилган 16 та ижтимоий ролик миллий телеканаллар, мактаблардаги рақамли экранлар ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилди.
Дастурнинг муҳим натижаларидан бири кибержиноятчиликнинг олдини олиш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўлди. Идоралараро ишчи гуруҳи орқали давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар тажриба алмашиш, ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ёшларга таъсир кўрсатаётган янги рақамли таҳдидларга мувофиқлаштирилган жавоб чораларини ишлаб чиқиш йўлида биргаликда ишлади.
Дастур якунланган бўлсада, унинг кўплаб натижалари миллий ҳамкорлар фаолиятида давом эттирилади. Онлайн таълим платформаси, ўқув материаллари, тайёрланган мутахассислар, тадқиқотлар ва йўлга қўйилган ҳамкорликлар Ўзбекистонда рақамли саводхонликни ошириш, интернетдан хавфсиз фойдаланиш маданиятини ривожлантириш ҳамда ёшларни кибержиноятчилик ва рақамли зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ишларни давом эттириш учун мустаҳкам асос яратади.
Қўшма дастур етакчи агентлик сифатида UNODC ҳамда UNDP томонидан Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, UZINFOCOM, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Волонтёрлар миллий ассоциацияси, Маҳаллалар уюшмаси, Тошкентдаги Wэстминстер халқаро университети, «Барқарор Ҳаёт» ННТ ва бошқа миллий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилди. Дастур БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича ишонч жамғармаси (UNTFHS) томонидан молиялаштирилди.



