Касб фидойиси. Елканни маҳкам тутиб...
2026-08-01 12:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида 15 йилга яқин самарали фаолият олиб бораётган подполковник Мўминахон Фозилхўжаева 1992 йилда Данғара туманида таваллуд топган. У болалигиданоқ ички ишлар органларида хизмат қилишни олдига мақсад қилиб қўйганди. Шу боис ўрта мактабни тамомлагач, ИИВ Академиясига ҳужжат топширди.
Ўқишни тугатгач хизмат фаолиятини Фарғона шаҳар ИИБ тергов бўлимида терговчи вазифасидан бошлади. Сўнг вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматида хотин-қизлар масалалари бўйича бош инспектор, ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасида хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича катта инспектор лавозимларида самарали хизмат қилиб ташаббускорлиги ва касбий маҳоратини намоён этди.
Нафақат амалий ишларда, балки тарғибот-ташвиқот соҳасида ҳам фаоллик кўрсатиб, ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда 60 дан ортиқ услубий қўлланмалар тайёрлади. Бугун улардан ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги тадбирларда кенг фойдаланилмоқда.
Фаолиятидаги ташаббускорлиги ва етакчилик қобилияти инобатга олиниб, яқинда у вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Қаҳрамонимиз аввалига вилоят ИИБда хизмат қилаётган аёллардан 25 нафарининг оилавий шароитини «хонадонбай» усулида ўрганиб чиқди. Аниқланган ижтимоий, иқтисодий, маънавий-руҳий муаммолар бўйича раҳбариятга таклифларини берди. Кимгадир таътил беришни, айримларга эҳтиёжга кўра, моддий ёрдам ажратишни сўради. Сўнг маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танлов, спорт мусобақаси ҳамда психологик тренинглар ташкил қилди. Бугун эса уларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги ҳамда касбий билимларини ошириш, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш каби масалалар билан машғул.
Мўминахоннинг шахсий ҳаёти ҳам ибратга лойиқ. Турмуш ўртоғи адвокат. Оилада ўзаро ҳурмат ва тушуниш муҳити ҳукмрон. Раҳбарлик лавозимида фаолият юритиш баробарида, икки нафар ўғлининг тарбиясига ҳам жиддий эътибор қаратади. Хизмат ва рўзғор ишларини тенг олиб бориши кўпчиликнинг ҳавасини келтиради.
Синглиси Муштарийбону Фозилхўжаева ҳам опасининг изидан бориб, ИИВ Академиясида таҳсил олган. Ҳозирда Сўх тумани ИИБда терговчи.
- Оилада 5 қиз ва 1 ўғлимиз, — дейди қаҳрамонимиз. — Мен тўнғич фарзандман. Отам Муҳаммадхон ва онам Муҳайёхон Тўхтасиновлар бизни ҳалол меҳнати билан ўстиришди. Илмли, аҳил, бир-бирини доим қўллайдиган фарзанд қилиб тарбиялашди. Барча ютуқларимда уларнинг ҳиссаси катта. Қолаверса, истеъфодаги подполковник Араббой Усмонов, истеъфодаги майор Дилоромхон Назирова, истеъфодаги капитан Нурхон Жўраева каби устозларнинг маслаҳат ва тавсияларига амал қилиб, кам бўлганим йўқ.
Подполковник Мўминахон Фозилхўжаева каби фидойи аёлларнинг касбига садоқати, ватанпарварлиги, инсоний фазилатлари, хизмат ва оила юкини елкасида маҳкам тутганча ҳаёт кемаси елканини оғишмай бошқариб бориши кўплаб ёшлар, айниқса, қизлар учун ибрат намунасидир.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Фарғона вилояти
