Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида «Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди
2026-08-01 11:50:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида «Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик» мавзусида ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2026 йил 3 мартдаги 91-сонли қарор ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раиси Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили, халқаро ва миллий ҳуқуқ соҳасида энг юқори тажрибага эга бўлган соҳа намояндалари, олимлар ва экспертлар гуруҳи томонидан маърузалар олиб борилди.
Семинар-тренинг асосий мақсади: Профилактика инспекторларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни очиш, тергов қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолиятида, шунингдек, бошқа хизматлар, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик жараёнида зарур бўладиган инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларни шакллантиришдир. Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимларида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш кўникмаларини ҳосил қилишдан иборат.
Тадбир якунида тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқур англаб, ҳудудларда қонунчилик ижроси ҳамда хизмат интизомига қатъий риоя қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ профилактика инспекторлари эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати



