Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг йигирма бешинчи сессияси бўлиб ўтди
2026-08-01 11:20:00 / Янгиликлар

Наманган шаҳридаги «Маърифат маскани»да ўтказилган сессияда вилоят Кенгаши раиси ва депутатлари, вилоят ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли ташкилот ҳамда муассасалар раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессия кун тартибидан вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ҳуқуқ-тартибот соҳасида амалга оширилган ишлар, маҳаллий бюджет ижроси ҳамда яна 18 та муҳим масала ўрин олди. Мазкур масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, мазкур йўналишдаги Президент қарорлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



