Стратегик режалаштириш — Ички ишлар органларида самарали бошқарувнинг янги босқичи
2026-07-31 09:00:00 / Янгиликлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқарувини стратегик режалаштириш асосида ташкил этиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Хусусан, Президентмизнинг 2025-йил 30-октябрдаги ПФ–201-сон Фармони давлат бошқарувида стратегик режалаштиришнинг ягона тизимини жорий этиш, давлат органлари фаолиятини аниқ мақсадли кўрсаткичлар асосида ташкил қилиш ва натижадорликни баҳолашнинг замонавий механизмларини белгилаб берди. Ушбу фармоннинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган ПҚ–394-сон қарор эса мазкур вазифаларни амалиётга татбиқ этишнинг ташкилий ва услубий механизмларини белгилаб, давлат органларида стратегик бошқарув маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, эндиликда давлат органлари фаолияти фақат бажарилган ишлар ҳажми билан эмас, балки эришилган натижа, аҳоли манфаатига кўрсатган амалий таъсири ва белгиланган мақсадларга қай даражада эришилгани билан баҳоланади. Бу эса ҳар бир раҳбар ва ҳар бир ходим зиммасига янада катта масъулият юклайди.
Албатта, мазкур ёндашув ички ишлар органлари учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш каби вазифаларни самарали ташкил этиш пухта таҳлил, тўғри прогноз ва аниқ стратегик режалаштиришни талаб қилади.
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида Стратегик режалаштириш ва ривожлантириш бўлими фаолияти йўлга қўйилгани тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бўлим томонидан «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, давлат дастурлари ва соҳага оид бошқа стратегик ҳужжатлар ижроси мувофиқлаштирилади, уларнинг бажарилиши мунтазам мониторинг қилинади ҳамда таҳлилий хулосалар тайёрланади.
Бундан ташқари, вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий ички ишлар органларида ишлаб чиқилаётган стратегик ҳужжатларнинг сифати баҳоланади, уларнинг ижроси таҳлил қилинади, мавжуд муаммолар аниқланиб, амалий таклифлар ишлаб чиқилади. Бу эса бошқарув қарорларининг илмий асосланган ҳолда қабул қилинишига, ресурслардан оқилона фойдаланишга ҳамда белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, ПФ–201 билан давлат бошқарувида жорий этилаётган натижага йўналтирилган бошқарув тамойили ички ишлар органлари фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Энди ҳар бир дастур, ҳар бир режа ва ҳар бир чора-тадбирнинг амалий самараси аниқ мезонлар орқали баҳоланади. Бу эса стратегик режалаштиришнинг расмий ҳужжат тайёрлаш жараёни эмас, балки самарали бошқарувнинг асосий воситаси эканини кўрсатади.
Замонавий бошқарувни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис стратегик режалаштириш жараёнларида рақамли платформалар, электрон мониторинг ва таҳлилий ахборот тизимларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу маълумотларни тезкор қайта ишлаш, таҳлилий ҳисоботларни автоматлаштириш ва бошқарув қарорларининг аниқлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Стратегик режалаштиришнинг яна бир муҳим жиҳати — бу ҳудудий бўлинмалар билан самарали ҳамкорликдир. Чунки ҳаққоний таҳлил фақат жойлардаги реал ҳолат асосида шаклланади. Шу боис ҳудудлардан келиб тушаётган маълумотларнинг ишончлилиги, таҳлилий материалларнинг сифати ва амалий таклифларнинг асослилиги бутун тизим самарадорлигини белгилайди.
Шу билан бирга, Стратегик режалаштириш ва ривожлантириш бўлими тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни мувофиқлаштириш, уларнинг ижросини баҳолаш, хизмат фаолиятидаги тенденциялар ва хавф омилларини таҳлил қилиш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни белгилашда муҳим ўрин тутади. Бу эса ички ишлар органларида қарор қабул қилиш жараёнини янада илмий асосланган ва самарали ташкил этиш имконини яратади.
Хулоса қилиб айтганда, стратегик режалаштириш бугун ички ишлар органларида замонавий бошқарув ва самарали ислоҳотларининг муҳим омили ҳисобланади. Бугунги кунда Президентимизнинг ПФ–201 Фармони ва ПҚ–394 қарорида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши натижасида тизимда режалаштириш, мониторинг, таҳлил ва баҳолашнинг янги босқичи шаклланмоқда. Бу эса жамоат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ҳамда аҳолининг ички ишлар органларига бўлган ишончини юксалтиришга хизмат қилади.
Стратегик фикрлайдиган, натижа учун масъул ва таҳлил асосида қарор қабул қиладиган тизим — Янги Ўзбекистон ички ишлар органларининг эртанги тараққиёти ва самарали фаолиятининг энг муҳим кафолатидир.
