ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти ҳамда «Технопарк» ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди
2026-07-30 19:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда технологик тараққиёт ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини рақамлаштириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва фуқароларга замонавий хизматлар кўрсатишни талаб этмоқда. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги тизимда рақамли ечимларни босқичма-босқич жорий этиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги ПҚ–10-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти ҳамда «Технопарк» МЧЖ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Меморандум доирасида илм-фан, инновация, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш имкониятларини самарали қўллаш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Ҳамкорликнинг асосий мақсади ички ишлар органлари эҳтиёжлари учун, шунингдек икки мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни яратиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизация қилиш ва қайта ишлаш соҳасида инновацион фаолиятни ривожлантиришдан иборат.
Шунингдек, томонлар замонавий технологияларни жорий этиш, истиқболли стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, техник хизмат кўрсатиш ва модернизация жараёнларини такомиллаштириш йўналишларида ҳам ҳамкорлик қиладилар.
Меморандум ижроси натижасида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи техник ечимларни яратиш, ишончли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда юқори малакали мутахассислар салоҳиятини ривожлантириш назарда тутилган.



