Олий Мажлис Сенатида "30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни"га бағишланган “Ўзгариб бораётган дунёда одам савдосига қарши курашиш: профилактика, ҳимоя ва ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди
2026-07-30 15:30:00 / Янгиликлар

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (IOM/UN Migration) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференция одам савдосига қарши курашиш соҳасида эришилган натижаларни таҳлил қилиш, глобал таҳдидларни муҳокама этиш ҳамда миллий ва минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган муҳим халқаро мулоқот майдони бўлди.
Унда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, суд-ҳуқуқ тизими, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда одам савдосининг замонавий таҳдидлари, хусусан, рақамли технологиялар, онлайн ёллаш платформалари, фирибгарлик схемалари ҳамда трансмиллий жиноий тармоқлар фаолияти туфайли юзага келаётган янги хавфлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда одам савдосидан жабрланган шахсларни эрта аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларини баҳолаш ҳамда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар билан комплекс қамраб олишнинг мутлақо янги тизимини жорий этмоқда.
Тадбир давомида Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов иштирок этиб, жорий йилнинг дастлабки олти ойлигида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар, уларни бартараф қилиш бўйича кўрилган чора тадбирлар борасида тўхталиб ўтди.
Анжуман якунида одам савдосининг олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш, рақамли таҳдидларга қарши курашиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларини белгиловчи Коммюнике қабул қилинди.









