Ҳуқуқ ва ҳаёт. Фуқаролик ҳужжат эмас, тақдир масаласи
2026-07-30 12:10:00 / Янгиликлар

Ҳар бир инсон учун туғилиб-ўсган юрти, ўзини дахлдор ҳис қиладиган Ватани бўлиши табиий. Бироқ тақдир тақозоси билан йиллар давомида бир мамлакатда яшаб, меҳнат қилиб, фарзанд камолга етказган бўлсада, ҳуқуқий жиҳатдан «фуқаролиги бўлмаган шахс» мақомида қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Бундай вазиятда фуқаролик шунчаки расмий ҳужжат эмас, балки инсоннинг эртанги кунга бўлган ишончи, қонуний ҳуқуқлари ва жамиятдаги тўлақонли ўрнини белгиловчи ҳаётий эҳтиёжга айланади. Шу боис юртимизда фуқаролиги бўлмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий мақомини қонуний асосда ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Айни кунларда республика бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири доирасида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Миграция ва персоналлаштириш бошқармаси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ички ишлар вазирининг 200-сон ҳамда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг 55-сон фармойишлари асосида мазкур тадбирга 13 та соҳавий хизмат жалб этилиб, 98 та йўналиш бўйича вазифалар белгиланди. Олдинга қўйилган топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида 18 нафар малакали ходимдан иборат махсус ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Тадбир давомида фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя қилиши, паспорт-виза тизими талабларининг бажарилиши ҳамда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми атрофлича ўрганилмоқда. Шу мақсадда меҳмонхоналар, хостеллар, йирик қурилиш объектлари ҳамда бошқа масканларда профилактик назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар орқали айрим инсонларнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ўз ечимини топмоқда. Масалан, айни кунларда Шовот туманида истиқомат қилувчи Зулфия Ўразметова ҳамда Тупроққалъа туманида яшовчи Ғафур Яхшибоевга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг кўп йиллик орзулари рўёбга чиқарилмоқда.
Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда бу борадаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилган. Хусусан, 2016-2026 йиллар давомида Хоразм вилоятида доимий яшаб келган жами 533 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига асосан мамлакатимиз фуқаролигига қабул қилинди. Бу саъй-ҳаракатлар узоқ йиллар давомида аросатда қолган юзлаб оилаларга ҳақиқий бахт ва эртанги кунга ишонч бағишлади.
Мазкур рақамлар шунчаки статистика эмас. Ҳар бир рақам ортида бир инсоннинг тақдири, бир оиланинг порлоқ умиди ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончи мужассам. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун миграция ва персоналлаштириш тизими нафақат давлат хавфсизлигини таъминлаш, балки инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини чинакамига ҳимоялашга хизмат қилмоқда. Зеро, фуқаролик шунчаки шахсни тасдиқловчи ҳужжат эмас, балки инсоннинг ўз Ватани билан узвий, ҳуқуқий ва маънавий боғлиқлигидир.
Руслан Матёқубов, Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш бошқармаси бошлиги, подполковник.
