UFC Абу-Даби турнирида яна бир тарихий ғалаба: Рамазон Темиров рақибини биринчи раундда техник нокаутга учратди
2026-07-29 19:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонлик аралаш яккакураш (MMA) устаси, UFC жангчиси Рамазон Темиров навбатдаги нуфузли мусобақада яна бир ёрқин ғалабага эришди. 2026 йил 25 июль куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳридаги Etihad Arena мажмуасида бўлиб ўтган UFC Fight Night 282 турнирида ҳамюртимиз австралиялик тажрибали жангчи Стив Эрсегни биринчи раунднинг ўзида техник нокаут (TKO) билан мағлуб этди.
Мазкур жанг турнирнинг энг муҳим беллашувларидан бири бўлиб, флайвейт (56,7 кг) вазн тоифасидаги ко-мэйн ивент сифатида ташкил этилди. Жанг уч раундга мўлжалланган бўлса-да, Темиров рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмай, беллашувни илк раунддаёқ муддатидан аввал якунлади.
Рамазон Темиров 1997 йил 31 январда Қашқадарё вилоятида туғилган. У флайвейт вазн тоифасида ҳаракат қилади ва мухлислар орасида «Темурлан» тахаллуси билан танилган. Сўнгги йилларда у халқаро ареналарда юқори натижалар қайд этиб, UFC октагонида ҳам ўзининг кучли зарба техникаси ва тезкорлиги билан эътибор қозонмоқда.
Абу-Дабидаги ушбу жанг Темировнинг профессионал фаолиятидаги 22-жанги бўлди. Унинг ҳисобида ҳозирда 20 та ғалаба ва 2 та мағлубият мавжуд. Ғалабаларининг аксариятини нокаут ёки техник нокаут билан қўлга киритгани унинг ҳужумкор услубини яна бир бор тасдиқлайди.
Темиров учун бу жанг фаолиятидаги энг жиддий синовлардан бири эди. Чунки унинг рақиби Стив Эрсег UFC флайвейт дивизиони рейтингида 10-ўринни эгаллаб турган, шунингдек, аввал UFC чемпионлик камари учун жанг қилган тажрибали спортчи ҳисобланади. Рейтингдан ўрин олмаган Темировнинг айнан шундай кучли рақиб устидан муддатидан аввал ғалаба қозониши UFC жамоатчилиги ва мухлислари томонидан катта эътирофга сазовор бўлди.
Ушбу муваффақият Рамазон Темировнинг UFCʼдаги энг йирик ғалабаларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Мутахассислар фикрича, мазкур натижа ўзбекистонлик жангчининг флайвейт дивизиони рейтингига кириши учун муҳим қадам бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Темиров UFCʼdаги дебют жангини 2024 йил октябрь ойида ўтказиб, америкалик Си Джей Вергарани биринчи раундда нокаутга учратган эди. Кейинги беллашувида эса Чарльз Жонсон устидан ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонган. Энди эса у UFC рейтингининг топ-10 жангчиси устидан муддатидан аввал қозонилган ишончли ғалабаси билан ўзини дивизионнинг энг хавфли рақибларидан бири сифатида намоён қилди.
Муттахассислар таъкидлашича, Абу-Дабидаги ушбу ғалаба Темиров учун янги босқични бошлаб бериши мумкин. Энди у нафақат рейтингдаги жангчилар билан рақобатлаша олишини, балки уларни ишончли тарзда мағлуб этишга қодир эканини амалда исботлади. Келгусида унга янада кучли рақиблар қарши чиқиши эҳтимолдан холи эмас, аммо мазкур натижа унинг чемпионликка даъвогарлар сафидан жой олиш имкониятини сезиларли даражада оширди.
Ушбу тарихий ғалабадан сўнг Рамазон Темиров Ватанга қайтди. Чемпионимиз Тошкент халқаро аэропортида яқинлари, мухлислари, Ўзбекистон ММА ассоциацияси ва спорт жамоатчилиги вакиллари томонидан тантанали равишда кутиб олинди. Бу эса нафақат унинг шахсий ютуғи, балки ўзбек ММА мактабининг халқаро майдондаги яна бир катта муваффақияти сифатида эътироф этилмоқда.
Рамазон Темировнинг мазкур ғалабаси мамлакатимиз спорти тарихидаги муҳим саҳифалардан бири бўлиб, ёш спортчилар учун ҳам катта мотивация манбаи ҳисобланади. Унинг UFC октагонидаги муваффақиятли иштироки Ўзбекистон ММА мактабининг халқаро нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
