Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Фарғона вилоятида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” ўтказилмоқда
2026-07-29 09:00:00 / Янгиликлар

Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг Фарғона вилоятидаги ўрганишлари доирасида Қўқон шаҳридаги “Навбаҳор”, Данғара туманидаги “Увайсий” ҳамда Учкўприк туманидаги “Боғи Бўстон” маҳаллаларида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”ни ўтказиш ташкил этилди.
Ҳафталик доирасида аҳолини ижтимоий профилактикага олиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш, мурожаатларни жойида кўриб чиқиш, бандликни таъминлашга тадбиркорлар ҳамда банкларни кенг жалб қилиш, бизнес лойиҳалари учун бошланғич маблағлар ажратиш, раҳбарларнинг шахсий қабулларини ташкил этиш, меҳнат ва ижтимоий ярмаркалар, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда маданий ҳордиқ тадбирларини кенг ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларни кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Фарғона вилояти маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган ўрганишлар ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда.







