Боланинг бегонаси бўлмайди. Меҳрга зор, қаҳрдан безор қилмайлик
2026-07-28 11:40:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ҳаётда оғир вазиятга тушиб қолган, назоратсиз ёки ҳуқуқбузарликка мойил бўлган вояга етмаганлар вақтинча тарбияланади. Уларнинг аксарияти 14-17 ёшдаги ўсмирлар. Бу давр эса инсон ҳаётида энг нозик ва бурилишли босқич ҳисобланади. Шу боис, марказ масъуллари томонидан улар билан ишлашда ўзига хос индивидуал ва бошқа самарали усуллардан фойдаланилмоқда.
Улар орасида она меҳрига зорлар, ота қаҳридан безорлар, кунлик жанжалдан озор чекканлардан тортиб, вақтинча ўқимайдиган, профилактик ҳисобда турганларгача бор. Айримлари аламзада, баъзилари шафқатсиз, яна бирлари тез улғайганидан ҳаётдан эрта совиб, ҳатто жиноят кўчасига кириш эшигини излаб юрган норасидалар. Шу боис биз аввало улар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиб, мавжуд сабаб ва ҳолатга қараб тарбиявий чора-тадбирлар режасини тузамиз. Таълим, тарбия билан бирга, психологик ёрдам кўрсатамиз.
Марказ фаолиятида болалар мансуб оилалар билан ишлаш муҳим аҳамият касб этади. Инспектор-психологларимизнинг болаларнинг оилавий турмуш тарзини ўрганиб, муҳитни соғломлаштириш, низоларни бартараф этиш ҳамда ота-она ва бола ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишмоқда. Натижада 83 нафар вояга етмаган боланинг психологик ҳолати яхшиланишига эришилди. 2 нафар ижтимоий оғир аҳволда қолган бола оиласига қайтарилди.
Қиз болалар эса Жиззах шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ИТ-технологиялар, сартарошлик, қандолатчилик ва чеварлик йўналишларидаги курсларда ўқитилмоқда.
Тажрибамда кўряпманки, бу соҳада аёл ходимлар кўпроқ ишлаши ижобий натижаларга эришишда яхши самара беряпти. Негаки, улар низоли вазиятларни ҳал қилишда ишонтириш, тушунтириш, вазиятни юмшатиш қобилиятлари билан ажралиб туради. Айниқса, марказга олиб келинган ҳар бир болада улар билан ички ишлар ходими эмас, балки аёллик меҳрини бера олувчи инсон тарбиявий иш олиб бораётгандек тасаввур пайдо қилади. Бу эса улар хулқида ижобий ўзгариш пайдо бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамиятимиз келажаги ҳар бир боланинг тақдирига боғлиқ экан, ҳар биримиз оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган, назоратсиз ёки ҳуқуқбузарликка мойил бўлган вояга етмаганларни бегона тутмайлик. Уларнинг оила аъзоларига эса «Болангизни она меҳрига зор, ота қаҳридан безор қилманг», дегим келади.
Малика Саидова, Жиззах вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи, майор
