«Хавфсиз ва соғлом юрт». Осон бойлик илинжида
2026-07-27 23:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ва Янгийўл шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган тезкор амалиётлар давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига оид навбатдаги ҳуқуқбузарликлар аниқланди.
Оҳангарон тумани ҳудудида жойлашган «Чинор» ЙПХ масканида водий вилоятларидан пойтахтга ҳаракатланиб келаётган «Matiz» русумли автомашина тўхтатилди. Ҳайдовчи Шомурод Жўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзини ҳаддан ташқари хотиржам кўрсатишга уринди.
Ҳатто ходимларга: «Машинани хоҳлаганча текширинглар, ҳеч нарса йўқ», деди. Бироқ унинг шубҳали хатти-ҳаракатлари тажрибали ходимлар назаридан четда қолмади. Автомобиль белгиланган тартибда текширувдан ўтказилганда, ҳайдовчининг сири фош бўлди.
Машинанинг пол қисми остидан қора полиэтилен пакетга ўралган, ўткир ҳидли, тўқ яшил рангли модда топилди. Кейинчалик ушбу модда гиёҳвандлик воситаси — гашиш экани маълум бўлди.
Янгийўл шаҳрининг «Янгиҳаёт» МФЙ ҳудудидаги хонадонлардан бири кўздан кечирилганда эса, хонадон эгаси, 53 ёшли фуқаро Баҳром Ғофуров ўз ҳовлисидаги иссиқхонадан мутлақо бошқа мақсадда фойдаланиб келгани аниқланди.
Иссиқхонада помидор ёки бодринг эмас, балки таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган 22 туп тақиқланган ўсимлик алоҳида парваришлаб келинаётгани маълум бўлди.
Тақиқланган ўсимликлар холислар иштирокида баённома асосида ҳужжатлаштирилиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Юқоридаги ҳар иккала ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
© «Postda» газетаси, Аброр Поёнов, катта сержант. Тошкент вилояти.
