Ҳалолликни шиор қилган ходимлар. Пора – сароб, уни олганнинг умри хароб
2026-07-26 12:45:00 / Янгиликлар

Ярим тун бўлишига қарамай, автомашиналар қатнови давом этарди, осойишталик посбонлари ҳам тиним билмайди. Айниқса, ЙПХ инспекторлари йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш мақсадида автомашиналар қатновини доимий назорат қилиб боришади. Қоидабузарларни тўхтатиб, огоҳлантиришади. Баъзан эса...
- 7-сафарбарлик гуруҳи инспекторлари томонидан «М-37» автомагистралида ҳаракатланаётган «Черрй» русумли автомашина ҳайдовчиси маст ҳолатда эканлиги аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади ва автомашина жарима майдончасига қўйилади, — дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ маъмурий амалиёт маркази кичик инспектори, сафдор Мавлонбек Ҳалимов. — Эртаси куни хизмат хонамга ҳайдовчи ва унинг шериги келди. Улар Хива шаҳрида яшовчи фуқаролар экан. Ҳолат бўйича суриштирув ишларини олиб борганимда, автомашина эгаси узоқ йўлдан келаётганлиги сабабли автомашина бошқарувини танишига берганини тан олди. Таниши эса маст ҳолатда бўлган.
Ишни осон ҳал қиламиз деб келишган жўралар қонунбузарликнинг яна бир моддаси қўшилгани ва ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам қўлдан кетишини билгач, нима қиларини билмай шошиб қолишди. Шу боис масъул ходимга автомашина эгаси 2000 АҚШ доллари миқдорида пул бермоқчи бўлди ва эвазига ҳолат юзасидан қонунни четлаб ўтишни илтимос қилди.
Ички ишлар органи ходими қасамёдига содиқ қолди ва автомашина эгасининг бу хатти-ҳаракатлари тўғрисида раҳбариятни хабардор қилди. Кўп ўтмай тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирда ҳуқуқбузар 25 миллион сўм миқдоридаги пулларни осойишталик посбонига пора тариқасида берган вақтида жиноят устида ушланди.
Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ маъмурий амалиёт маркази кичик инспектори, сафдор Нодирбек Муҳиддинов Когон тумани ИИБда маъмурий ишларни ўрганишга жалб қилинди. У ўрганишлар давомида 6 май куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи Б.Б. «Nexia-3» русумли транспорт воситасини спиртли ичимлик таъсирида маст ҳолда бошқарганлиги бўйича расмийлаштирилган маъмурий баённомани кўриб чиқди.
Ҳайдовчи Б.Б. ҳужжатларни судга чиқармаслик эвазига ходимга 20 миллион сўм миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилди. Сафдор Н.Муҳиддинов бу ҳолат қонунга зидлигини тушунтиришига қарамасдан, қоидабузар фуқаро ўз фикрида қатъий туриб олди. Шундан сўнг осойишталик посбони вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиб, қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишини сўради.
Мазкур билдирги асосида шу куниёқ ИИВ ШХББ Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Когон туман бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.Б. 20 миллион сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётганда далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Ҳалолликни шиор қилган лавҳамиз қаҳрамонлари сингари ўз бурчи ва касбига содиқ ходимлар бор экан, тизимда коррупцион ҳолатлар барҳам топиб, фуқаролар ишончи ортиб бораверади.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти
