Тошкент шаҳар ИИББда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари сарҳисоб қилинди
2026-07-26 12:35:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар якунлари ҳамда келгуси вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал майор Ботир Қудратходжаев, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев, Бош бошқарманинг таркибий тузилмалари ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тергов, пробация ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишларида эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар танқидий муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида пойтахт ҳудудида 13 359 та жиноят қайд этилди. Шундан, 2 650 таси – олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар; 3 720 таси – ички ишлар органлари ташаббуси билан аниқланган жиноятлар; 6 989 таси – ахборот технологиялари соҳасида содир этилган жиноятлар.
Йиғилиш давомида ҳар бир жиноят туманлар, ички ишлар бўлимлари ва маҳаллалар кесимида таҳлил қилиниб, ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Таҳлиллар оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ 42 та жиноятнинг аксарияти ўзаро жанжаллар ва ўткир-тиғли буюмлардан фойдаланиш оқибатида содир этилганини кўрсатди. Масъулларга маиший низоларни эрта босқичда бартараф этиш; ўткир-тиғли буюмларни олиб юриш ҳолатларининг олдини олиш; аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, транспорт воситасини олиб қочиш жиноятларининг аксарияти тунги вақтда содир этилгани ҳамда бир қатор ҳолатларда вояга етмаганлар иштирок этгани қайд қилиниб, профилактик чораларни янада кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Ички ишлар органлари ходимларининг бевосита ташаббуси билан 38 та ноқонуний қурол сақлаш; 15 та одам савдоси; 308 та қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш; 661 та гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ; 158 та кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласи; 158 та тақиқланган экинларни етиштириш жиноятлари фош этилди.
Бу эса оғир ва ўта оғир жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 958 нафар қидирувда бўлган шахс ушланди ва жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги принципи таъминланди.
Пробация ҳисобидаги 8 594 нафар шахс билан манзилли профилактик ишлар ташкил этилди. Бошқа ҳудудлардан келиб назоратсиз юрган 116 нафар пробациядаги шахслар доимий яшаш жойларига қайтарилди.
Тергов ва суриштирув бўлинмалари томонидан жами 20 436 та жиноят иши тергов қилинди. Жиноятлар натижасида етказилган 547,7 миллиард сўм зарарнинг 388,3 миллиард сўми, яъни 71 фоизи тергов жараёнида ундирилди.
Бу кўрсаткич фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш ҳамда адолат принципини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳисобот даврида пойтахтда 420 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани қайд этилди. Шундан, 26 таси ўлим билан боғлиқ; 355 таси пиёдалар иштирокида; 116 таси болалар иштирокида содир бўлган.
Йиғилишда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, пиёдалар ва болалар хавфсизлигини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, пойтахтдаги барча хонадонлар ўрганилиб, хавф даражасидан келиб чиқиб тўрт тоифага ажратилгани қайд этилди. Қизил тоифа — ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турувчи ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган шахслар истиқомат қилувчи хонадонлар. Сариқ тоифа — ижтимоий профилактика чораларини талаб этувчи хонадонлар. Яшил тоифа — муаммосиз ва барқарор ижтимоий муҳит шаклланган хонадонлар. Кўк тоифа — вақтинча бўш турган хонадонлар.
Эндиликда профилактика инспекторлари томонидан қизил тоифадаги хонадонларга алоҳида эътибор қаратилади ва манзилли ишланади. Шу билан бирга кўк тоифага кирувчи хонадонлар ҳам назорат қилинади. Чунки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин лабораториялар, фоҳишахоналар ташкил этиш ҳамда бошқа қатор ноқонуний фаолиятлар қаровсиз ёки бўш турган хонадонларда ҳам аниқланмоқда.
Йиғилиш якунида таъкидланганидек, жиноятчиликка қарши курашишнинг энг самарали йўли — ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлашдан иборат.
Шу муносабат билан ҳар бир йўналиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олиниб, масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, намунали хизмат қилган бир қатор ходимлар рағбатлантирилди.
Тошкент шаҳар ички ишлар органлари томонидан пойтахтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш борасидаги тизимли ишлар изчил давом эттирилади.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати


