Қўриқлаш техник воситаларини маҳаллийлаштириш – замонавий хавфсизлик сари муҳим қадам
2026-07-26 11:00:00 / Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғи полковник Қобил Шодибеков қўриқлашнинг замонавий техник воситаларини маҳаллийлаштириш ҳамда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Хусусий сектор билан шериклик асосида ташкил этилаётган мазкур лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш цехларида яратилган шароитлар, электрон платаларни тайёрлаш, техник қурилмаларни йиғиш, дастурлаш, синовдан ўтказиш ва сифат назорати жараёнлари ўрганилди.
Ташриф давомида объектлар ва хонадонларни қўриқлашда фойдаланиладиган электрон қурилмалар, уларнинг таркибий қисмлари ҳамда эҳтиёт қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутасаддилар томонидан ишлаб чиқариш қувватлари, технологик жараёнлар, маҳсулотларнинг техник кўрсаткичлари ва уларни қўриқлаш тизимларига жорий этиш истиқболлари ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ йўлга қўйилгандан сўнг объектлар ва хонадонларни қўриқлашда фойдаланиладиган техник маҳсулотларнинг 90 фоизини маҳаллийлаштириш режалаштирилган.
Бу, ўз навбатида, импорт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни кескин камайтириш, қурилмалар таннархини мақбуллаштириш, уларни маҳаллий шароитларга мослаштириш ҳамда техник хизмат кўрсатиш тезкорлигини ошириш имконини беради. Шунингдек, хусусий секторнинг ишлаб чиқариш тажрибаси ва технологик имкониятларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳамда соҳада янги иш ўринларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўрганиш якунлари бўйича ишлаб чиқариш жараёнларини жадаллаштириш, маҳсулотларнинг сифат ва ишончлилик кўрсаткичларини ошириш, шунингдек, маҳаллий қўриқлаш техник воситаларини амалиётга босқичма-босқич жорий этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти Ахборот хизмати



