Касб фидойиси. Ҳалоскор посбон
2026-07-25 09:00:00 / Янгиликлар

Инсон учун соғлиқдан азиз неъмат, омонликдан ортиқ бахт йўқ. Баъзан инсон кутилмаган синовларга дуч келади, бир сонияда киши соғлиғи ва ҳаёти хавф остида қолади. Шундай кезларда ён-атрофдагиларнинг ҳушёрлиги ва кўрсатган биринчи ёрдами уни хавф-хатардан қутқариб қолиши мумкин.
Қўштепа тумани ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи инспектори, катта лейтенант Шукурулло Ражабовнинг хизмат фаолиятида юз берган ушбу воқеа бир инсон, бир оила қалбида муҳрланиб қолди, десак муболаға бўлмайди.
Ўша куни у «Файз» савдо мажмуаси ҳудудига хизматга бириктирилган эди. Жазирама ёз, иссиқ ҳаво тафтидан нафас қайтади.
Шу дам ўтиш йўлаги четида турган онахон ва унинг набираси ходимнинг диққатини тортди. Қараса, онахон турган жойида тебрана бошлаяпти. У югуриб бориб, онахонни тутиб қолди. Ерга ўтқизиб, тез тиббий ёрдам чақирди. Улар келгунча юзига сув сепиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатди.
Шифокорларнинг айтишича, Қўштепа тумани Қоракалтак маҳалласида яшовчи, 1954 йилда туғилган Сидиқахон Турдалиеванинг қон босими кескин тушиб кетган бўлиб, тезда ёрдам кўрсатилмаганида, оқибати ёмон бўлиши мумкин экан.
Эртаси куни Шукурулло Ражабов Сидиқахон момонинг ҳолидан хабар олиш учун унинг хонадонига йўқлаб борди.
Ўғлим, сиз менга иккинчи ҳаёт бахш этдингиз. Умрингиздан барака топинг. Агар тезда ёрдам кўрсатмаганингизда, бугун фарзандларим, набираларим бағрида ўтирмаган бўлармидим?!
Сизга ва сиздек эл осойишталиги йўлида хизмат қилаётган барча ички ишлар ходимларига куч-қувват тилайман, — дея дуога қўл очди Сидиқахон момо. — Сиздек фарзанд ўстирган, тарбиялаган ота-онангизга катта раҳмат!
Бу дуо катта лейтенант учун ҳар қандай мукофотдан ортиқ бўлди.
Дарҳақиқат, ички ишлар органи ходими фақат қонун ҳимоячиси эмас. У зарур пайтда шифокор, маслаҳатчи, қутқарувчи ва энг аввало, инсон ҳаёти учун масъул фидойи инсондир.
Шукурулло Ражабовнинг ҳушёрлиги, касбий маҳорати ва энг муҳими, инсон тақдирига бефарқ бўлмагани бир оилани мусибатдан сақлаб қолди.
Маълумот учун, катта лейтенант Шукурулло Ражабов Тошлоқ туманида туғилиб, ўсган бўлиб, 2021 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келмоқда. Оилали, уч нафар фарзанднинг отаси.
© «Postda» газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
