Тўйхат ўрнида. Донишмандлик довонида
2026-07-24 12:40:00 / Янгиликлар

Ватан тинчлиги ва осойишталигини таъминлашни олий мақсад деб билган, хизмат бурчига садоқатни ҳаётининг мазмунига айлантирган, фаолиятида ўзига хос маҳорат мактаби яратган фидойи инсонлар орамизда кўп. Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Эркин Норгитов ана шундай ибратли умр соҳибларидан биридир.
— 1969 йили Россиянинг Киров вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, рўйхатдан ўтиш учун мудофаа бўлимига бордим, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — У ерда бир капитан билан йўлакда суҳбатлашиб қолдик. Менда ҳали ҳарбий хизмат кайфияти тарқамаган, эгнимда аскарлик кийими эди. У менга синчковлик билан қараб: «Бизга ишга кирасанми?» деди ва соҳага кадрлар қабул қилинаётганини тушунтирди. Тўғриси, мени Тошкент гидроэлектр станциясидаги аввалги ишим — слесарлик кутарди. Чунки ҳарбий хизматга кетганимда иш ўрним сақлаб қолинган эди. Бироқ капитаннинг юзидаги ва сўзидаги қатъият менда катта таассурот қолдирди ва ҳужжатларимни шу заҳотиёқ топширишга қарор қилдим.
Шу тариқа кутилмаган таклиф билан ички ишлар органларидаги фаолиятим бошланди. Ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида оддий ходимликдан раҳбарлик лавозимларигача бўлган йўлни босиб ўтиб, ёруғ юз билан пенсияга чиқдим.
Истеъфодаги генерал-майор Эркин Норгитов меҳнат фаолияти давомида Тошкент шаҳар ИИБ Ёнғиндан сақлаш бошқармаси бошлиғи, ички ишлар вазири ўринбосари, Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда ИИВ Академияси бошлиғи ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда сидқидилдан хизмат қилди. Жонкуярлиги, чуқур мулоҳазаси ва ўзига хос иш услуби билан ҳамкасблари ҳамда раҳбариятнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлди.
Юртимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида, хусусан, 1993 йили Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган пайтда ҳудуддаги вазият анча мураккаб эди. Диний экстремистик гуруҳлар бош кўтариб, аҳолини амалдаги ҳокимиятга қарши қайрашга, осойишталикни издан чиқаришга ҳаракат қилаётган эди.
Шундай таҳликали вазиятда Эркин Норгитов вазминлик ва қатъият билан ҳаракат қилди. Вазиятни тезда назоратга олиб, тизимдаги камчиликларни чуқур таҳлил қилди, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳудудда жиноятлар сони сезиларли даражада камайди, уларни фош этиш кўрсаткичлари ошди. Айниқса, вояга етмаганлар жиноятчилигини кескин камайтиришга эришилди.
Фидокорона хизматлари муносиб баҳоланиб, Эркин Норгитов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1994 йил 13 мартдаги Фармони билан генерал-майор ҳарбий унвонига сазовор бўлди.
— Ички ишлар органларидек масъулиятли соҳани танлаш учун шунчаки қизиқиш ёки хоҳишнинг ўзи етарли эмас, — дейди Эркин Норгитов. — Ходимнинг асосий вақти халқ ичида ўтади. Шу боис у одамлар билан мулоқот қилишни, уларни тинглашни билиши шарт. Мен узоқ йиллик фаолиятим давомида одамларга яқин бўлишга, уларнинг дардини тушунишга ҳаракат қилдим ва бугун босиб ўтган йўлимга назар ташлар эканман, қалбан қониқиш ҳиссини туяман.
Қаҳрамонимиз оилада ҳам меҳрибон ота ва мустаҳкам суянч бўла олди. Турмуш ўртоғи, марҳума Ҳамида ая билан бирга бир ўғил ва икки қизни вояга етказиб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялади. Ўғли Шуҳрат Норгитов ҳам отаси изидан бориб, ички ишлар органларида самарали хизмат қилди ва полковник унвонида истеъфога чиқди. Қизлари Муҳаббат ва Дилобархон эса педагоглик касбини танлаб, ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Эркин Норгитов яқин кунларда табаррук саксон ёшни қарши олади. Бу шунчаки йиллар силсиласи эмас. Бу — ҳар бир куни Ватан равнақи, халқимизнинг осуда ва фаровон ҳаётини таъминлашдек муқаддас мақсадга бағишланган сермазмун ҳаёт йўлидир.
Лавҳамиз қаҳрамони бугун ҳам ўзининг бой ҳаётий тажрибаси, юксак инсоний фазилатлари ва донишмандлиги билан шогирдлари ҳамда ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Саксон ёш довонида туриб ҳам унинг ҳаёт йўли, Ватанга муҳаббати ва хизмат бурчига садоқати бугунги ҳамда келажак авлодлар учун ибрат намунасидир.
Гулноза Турғунбоева, ўз мухбиримиз. "Постда"
