Сурхондарёда жиноятчиликка қарши курашиш криминоген вазиятни яхшилаш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинмоқда
2026-07-24 12:10:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган манзилли ўрганишлар изчил давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Тимур Исмаилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт“ кенг қамровли тезкор профилактик тадбир доирасида ҳудудларда ташкил этилган штаблар фаолияти, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда масъул раҳбарларнинг иш самарадорлиги танқидий таҳлил қилинмоқда.
Навбатдаги ўрганиш Шеробод туманида давом эттирилди. Туман ИИБдаги “Хавфсиз ва соғлом юрт“ тезкор штаби фаолияти ҳар томонлама кўриб чиқилиб, йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аниқ вазифалар белгиланди ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Шундан сўнг ўрганишлар қизил тоифада турган “Дўстлик“ маҳалласида давом эттирилиб, ҳудудда криминоген вазият, жиноятларни жиловлаш, профилактика ишларининг самарадорлиги ҳамда маҳалла “еттилиги”нинг фаолияти жойига чиқилган ҳолда таҳлил қилинди.
Муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, ҳар бир ҳолат юзасидан аниқ чоралар белгилаб олинди.
Бошқарма бошлиғи “Дўстлик“ ҳамда “Катта ҳаёт“ маҳаллалари профилактика инспекторларининг хизмат уйида ҳам бўлиб, яратилган шарт-шароитлари, уларнинг муаммолари, хизмат ҳудудидаги криминоген вазият, профилактик тадбирларнинг натижадорлиги ва мавжуд муаммолар юзасидан мулоқот ўтказди. Ходимлар фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Шундан сўнг, “Пайшанба-ёшлар куни” муносабати билан Жарқўрғон туманидаги Жануби – Ғарбий махсус ҳарбий округи Какайди гарнизонида вилоят ҳудудида истиқомат қилиб келаётган, профилактик ҳисобда турувчи оғир тоифага кирувчи ҳамда уюшмаган ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш, уларни соғлом муҳитда тарбиялаш мақсадида “Жасорат мактаби”нинг навбатдаги ўқув йиғини тингловчилари билан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.
Унда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Тимур Исмаилов иштирок этиб, ёшлар билан самимий мулоқот қилди. Учрашув давомида бошқарма бошлиғи ёшларга Ватанга муҳаббат, фидойилик ва масъулият ҳиссини юксалтириш, тўғри йўлдан бориш ҳамда жамиятда ўз ўрнига эга инсон бўлиб етишиш ҳақида ҳаётий мисоллар асосида самимий суҳбат ўтказди.
Учрашув жараёнида ёшлар ўз билим ва савияларини ошириш, ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш ҳамда ҳаётда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш имконига эга бўлишди.
Бундай ташаббуслар ёшларни соғлом ҳаёт тарзига йўналтириш, уларни жамиятга фойдали фуқаролар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Кун якунида, вилоят ИИБ бошлиғи раҳбарлигида бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, штаб аъзолари ҳамда барча шаҳар ва туман ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган йиғилишда “Хавфсиз ва соғлом юрт“ штаби фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, ҳудудларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пробация ва ижтимоий профилактика тизимини такомиллаштириш, кибержиноятларга қарши курашиш, видеокузатув тизимларини кенгайтириш, хонадон ҳамда объектларни Қўриқлаш хизматига жалб этиш, шунингдек, оилавий-маиший низолар ва жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Ҳар бир йўналиш бўйича иш самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Сурхондарё вилоятида аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда ҳар бир маҳаллада соғлом ва хавфсиз муҳитни қарор топтиришга қаратилган манзилли ўрганишлар барча шаҳар ва туманларда изчил давом этмоқда.
Зеро, жиноятчиликка қарши курашиш фақат ички ишлар органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Тинчлик ва хавфсизлик эса ҳамжиҳатлик, масъулият ва тизимли профилактика орқали таъминланади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



