Самарқандда Ички ишлар вазири ўринбосари томонидан сайёр қабул ўтказилди
2026-07-24 09:50:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан бири — аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни тизимли равишда йўлга қўйишдан иборат.
Мазкур йўналишда ички ишлар органлари томонидан фуқаролар билан бевосита мулоқотни таъминлаш, аҳоли мурожаатлари ва эҳтиёжларини атрофлича ўрганиш, келиб тушган ариза ва таклифларни қонунчилик талаблари асосида ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 23 июль куни Самарқанд шаҳрида Ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари полковник Рустам Мирзаев ва вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Тохир Арипов томонидан сайёр қабул ўтказилди.
Қабул давомида ички ишлар органлари тизимида коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми, қонунийликка риоя этиш, хизмат фаолиятида шаффофликни таъминлаш, тергов ва суриштирув жараёнлари, ишга жойлашиш ва қайта тиклаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан 51 нафар фуқароларнинг мурожаатлар кўриб чиқилди.
Эътиборли жиҳати, мурожаатларнинг 21 таси қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этган масалалар эса масъулларга бириктирилиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати



