ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди
2026-07-21 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 20 июль куни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи полковник Шароф Уралов раҳбарлигида хизматнинг 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда: 2026 йилнинг 6 ойи давомида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди; вилоят, туман (шаҳар) ва маҳалла кесимида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари раҳбар ва ходимларининг рейтинг кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида жорий йилнинг 6 ойида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони 2 309 тага ёки 14 фоизга камайиб, 16 651 тадан 14 342 тага тушди. Шунингдек: 5 778 та (64 фоиз) маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади;
2 738 та (30 фоиз) маҳаллада эса жиноятлар сонининг камайишига эришилди. Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимлари фаолиятини холис ва шаффоф баҳолаш мақсадида жорий этилган рейтинг тизимининг самарадорлиги ҳам таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур тизим орқали ҳар бир ходимнинг хизмат натижалари ҳар чорак аниқ мезонлар асосида баҳоланиб, уларнинг фаолияти доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Йиғилиш якунида хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати




