Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида жорий йилнинг ўтган 6 ой якунлари бўйича сарҳисоб йиғилиши бўлиб ўтди
2026-07-20 17:40:00 / Янгиликлар

Вазир ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзараҳимов бошчилигида Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида 2026 йилнинг ўтган олти ойи якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда департамент ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган хизмат фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама этилди. Шунингдек, транспорт инфратузилмаси ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш ҳамда хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш доирасида мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт“ кенг қамровли профилактик тадбири доирасида бажарилаётган ишлар ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Унда транспорт ва туризм объектларида фуқаролар ҳамда хорижий меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, мутасадди идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида вазир ўринбосари генерал-майор Баходир Мирзараҳимов томонидан келгуси даврда хизмат фаолияти самарадорлигини янада ошириш, аҳоли ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, ҳар бир ходимнинг масъулиятини кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ходимларга навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди. Кўп йиллик самарали хизмати, касбига садоқати ва тизим ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун нафақага кузатилаётган ходимларга самимий миннатдорлик билдирилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди ҳамда келгуси ҳаётларида муваффақият ва сиҳат-саломатлик тилаб кузатилди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи






