Ички ишлар вазирлиги ва Адвокатлар палатаси ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолади
2026-07-20 14:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Садиков, ҳар икки томон вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида коррупциянинг олдини олишнинг замонавий тизими нафақат содир этилган ҳуқуқбузарликларни аниқлашга, балки, энг аввало, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, мазкур вазифани фақат давлат ички назорати механизмлари орқали ҳал этиш имкони мавжуд эмаслиги қайд этилди. Бу борада қонунчиликни амалда қўллаш жараёнида ҳар куни иштирок этадиган, мавжуд муаммоларни кўрадиган ҳамда уларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар бера оладиган профессионал ҳамжамиятнинг иштироки алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Ана шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги ва Адвокатлар палатаси доимий фаолият юритувчи профессионал ҳамкорлик майдонини ташкил этишга келишиб олди.
Меморандум доирасида томонлар ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб масалаларини биргаликда таҳлил қилади, коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқараётган тизимли сабабларни аниқлайди, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, қонунчиликни такомиллаштиришга оид ташаббусларни муҳокама қилади, қўшма семинарлар, ўқув тадбирлари, илмий-амалий конференциялар ташкил этади ҳамда илғор касбий тажриба алмашади ва бошқа ҳамкорлик тадбирларини амалга оширади.
Алоҳида эътибор қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда коррупциянинг олдини олишга доир ягона ёндашувларни шакллантириш масалаларига қаратилади.
Меморандумнинг имзоланиши давлат органи ва мустақил профессионал ҳамжамият ўртасида конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам экани қайд этилди. Бундай ҳамкорлик тизимли муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, янада самарали ташкилий ва ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш, шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Меморандумни амалга ошириш жараёни қонунчилик талаблари, ҳар бир томоннинг ваколатлари ҳамда мустақиллигига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Ҳамкорликнинг пировард мақсади қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупция профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, жамиятнинг ички ишлар органлари ҳамда адвокатура институтига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдан иборат.




