Инновация. Рақамли хавфсизлик ёхуд чироқчилик ходим яратган мобил иловалар хусусида
2026-07-20 12:40:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари ходимлари ўз хизмат фаолияти давомида тўплаган бой амалий тажрибани ахборот технологиялари соҳасидаги билим ва кўникмалар билан уйғунлаштирган ҳолда, тизимга замонавий инновацион ечимларни татбиқ этмоқдалар.
Хусусан, Чироқчи тумани ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси катта инспектори, катта лейтенант Ўроль Абдувалиев кибержиноятларга қарши курашиш мақсадида «AslQalqon» мобил иловасини яратди. Айни пайтда ушбу дастур амалиётга жорий этилиб, фуқаролар ўртасида кенг оммалаштирилмоқда.
«АслҚалқон» мобил иловаси қатор муҳим қулайликларга эга. Жумладан, у қурилмага номаълум ва хавфли «apk» форматдаги файлларни ўрнатишни чеклайди. Фойдаланувчи Instagram, Имо ҳамда Telegram каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганда, янги вируслар, зарарли ҳаволалар ва шубҳали гуруҳлар ҳақида тезкор огоҳлантириш тизими ишга тушиб, тегишли хабарлар юборилади. Шунингдек, дастур СМС ва қўнғироқ хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган иловаларни таҳлил қилиб, уларни хавфлилик даражасига кўра тоифалайди. Илованинг асосий саҳифаси орқали эса фойдаланувчилар туман ИИБ сўнгги янгиликлари ва эълонлари билан мунтазам танишиб боришлари мумкин.
Катта лейтенант Ўроль Абдувалиевнинг яна бир изланиши маҳсули — «Тезкор хабарлар» мобил иловаси бўлди. Маълум бир гуруҳ фойдаланувчилари учун мўлжалланган мазкур илова тезкор хабар алмашиш ва муҳим огоҳлантиришларни ўз вақтида етказиш имкониятини яратади. Хусусан, мобил иловадан ички ишлар органлари ходимлари хизмат фаолиятини самарали ташкил этишда фойдаланиши мумкин.
Ҳозирги пайтда туман ИИБ ходимлари ушбу мобил илова орқали кунлик топшириқлар, тезкор хабарлар ва хизматга оид маълумотларни зудлик билан қабул қилиб олмоқдалар. Профилактика инспекторининг уяли телефонига келиб тушган хабар ўқилгандан сўнг бу ҳақда хабар юборган раҳбар ходимга автоматик равишда маълумот етказилади.
- Профилактика инспекторларининг аҳоли билан мунтазам мулоқотда бўлишини инобатга олиб, «Тезкор хабарлар» мобил иловасига хизмат интизомига қатъий риоя этиш, коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича махсус огоҳлантириш тизими ҳам киритилган, — дейди катта лейтенант Ўроль Абдувалиев. — Бу ходимларнинг масъулиятини ошириш, хизмат интизоми ва коррупцияга қарши муросасиз муносабатини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, соҳа ходимларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ташаббуслари ҳуқуқ-тартибот тизимини замон талаблари асосида такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Рақамли технологияларни фаолиятда кенг қўллаш келгусида ҳам жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда юқори натижаларни бериши шубҳасиз.
Содиқ Раҳимов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Қашқадарё вилояти
