Сурхондарёда жиноятчиликка қарши курашиш ишлари танқидий таҳлил қилинмоқда
2026-07-20 11:20:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган манзилли ўрганишлар изчил давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Тимур Исмаилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор профилактик тадбири доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, ташкил этилган штаблар фаолияти ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий руҳда ўрганилмоқда.
Навбатдаги ўрганиш Денов туманининг қизил тоифага кирувчи «Боғи шамол» маҳалласида ўтказилди. Унда туман ва маҳалла «еттилиги» фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, профилактика инспекторининг хизмат уйида яратилган шарт-шароитлар, хизмат ҳудудидаги криминоген вазият, профилактик тадбирлар самарадорлиги ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан масъуллар билан амалий мулоқот ўтказилди.
Шунингдек, туман ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ходимлари билан учрашувда хонадон ва объектларни қўриқлаш тизимига кенг жалб этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, туман ИИБда олиб борилаётган ободонлаштириш ва ҳудуддаги биноларни таъмирлаш ишлари билан ҳам яқиндан танишилди.
Шундан сўнг Денов тумани Ички ишлар бошқармасида полковник Тимур Исмаилов раҳбарлигида, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, штаб аъзолари ҳамда барча шаҳар ва туман ички ишлар органлари раҳбарлари видеоконференсалоқа орқали иштирок этган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда «Хавфсиз ва соғлом юрт» штаби фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, ҳудудларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, кибержиноятга қарши курашиш, видеокузатув тизимларини кенгайтириш, хонадон ва объектларни Қўриқлаш хизматига жалб этиш, шунингдек, оилавий-маиший низолар ҳамда жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди. Масъулларнинг ахборотлари эшитилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда иш самарадорлигини янада ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шундан сўнг, туман ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида тунги хизматга жалб этилган ходимларга тунги йўриқнома ҳам ўтказилди.
Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бундай манзилли ўрганишлар Сурхондарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида изчил давом этмоқда.
Тинч ва хавфсиз ҳаёт — ҳар бир маҳалладаги ҳамжиҳатлик, масъулият ва тизимли профилактиканинг самарасидир.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



