Шароит муносиб бўлса
2026-07-19 23:00:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси, Биринчи минтақавий ҳудудий мувофиқлаштириш маркази ҳамда Фарғона шаҳар 2-сонли ИИО ФМБ ходимлари энди янги, замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган биноларда хизмат қилишади.
Куни кеча Фарғона шаҳрининг Қирғули мавзесида жойлашган ушбу маъмурий бинолар мажмуаси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Янги бинолар энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли бошқарув тизимлари, видеокузатув ва таҳлил воситалари, шунингдек, замонавий мебель ва техник жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.
— Кибержиноятлар салмоғининг ошиб бориши бу турдаги жиноятларга қарши курашишда янада таъсирчан чоралар кўришни талаб этмоқда, — дейди вилоят ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси катта инспектори, подполковник Абдураҳим Эминов. — Жиноятларнинг шакли ва содир этилиш усуллари тобора такомиллашиб бораётганини ҳисобга олиб, янги бинода киберлаборатория ҳамда рақамли криминалистика хоналари ташкил этилди.
Киберпрофилактика бўлимида эса ахборот-медиа хонаси ташкил қилинган бўлиб, бу ерда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ва турли тарғибот материалларини тайёрлаш имконияти мавжуд.
Минтақавий мувофиқлаштириш маркази ҳамда 2-сонли ИИО ФМБ учун ажратилган биноларда ҳам барча қулайликлар яратилган. Хусусан, навбатчилик қисми, мурожаатлар хонаси, сўровхона, ошхона, автотураргоҳ ва кўмаклашув гуруҳи хонаси мавжуд.
Фарғона вилоятида жорий этилган кўмаклашув гуруҳи хонасида тезкор хизматларда ишлаб нафақага чиққан фахрийлар фаолият олиб боради. Улар жиноят қидируви бўлинмалари ходимларига амалий ёрдам кўрсатади.
Шунингдек, бинода ташкил этилган Ватанпарварлик бурчаги шахсий таркибнинг маънавий салоҳияти ва касбий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
©️ «Postda» газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
