ИИВ Малака ошириш институтида бошланғич касбий тайёргарликни тамомлаган тингловчилар қасамёд қабул қилди
2026-07-19 10:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Ўқув-дала марказида ИИВ Малака ошириш институтининг бошланғич касбий тайёргарлик ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган қарийб 590 нафар тингловчининг қасамёд қабул қилиш ва битирувига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда институт раҳбарияти, кафедра, цикл ва бўлим бошлиқлари, профессор-ўқитувчилар, ички ишлар органлари фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, тингловчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Тантанали маросим Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграши билан бошланди. Шундан сўнг сўзга чиққан масъуллар битирувчиларни қутлаб, уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятида Ватан ва халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, юксак касбий маҳорат, ҳалоллик ва масъулият билан зиммаларига юклатилган вазифаларни адо этишларига ишонч билдирдилар.
Маросимнинг энг ҳаяжонли ва унутилмас лаҳзаларидан бири тингловчиларнинг тантанали равишда қасамёд қабул қилиши бўлди. Улар Ватанга, халққа ва хизмат бурчига садоқатли бўлишга қасамёд қилиб, ички ишлар органлари сафида хизмат қилиш масъулиятини зиммаларига олдилар.
Тадбир якунида битирувчиларга келгусидаги шарафли хизматларида улкан муваффақиятлар тилаб, уларнинг мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш йўлида муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирилди.
ИИВ Малака ошириш институти






