Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан сунъий интеллект ва рақамли технологияларга асосланган инновацион лойиҳалар тақдимоти кўриб чиқилди
2026-07-19 10:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалар ҳамда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясида назарда тутилган мақсадлар ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, барча ахборот инфратузилмасини сунъий интеллект технологиялари асосида ягона тизимга бирлаштириш, рақамли технологиялар орқали жиноятларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳудудларни замонавий видеокузатув камералари билан қамраб олиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов иштирокида сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ички ишлар органлари фаолиятига татбиқ этишга бағишланган тақдимот ўтказилди.
Унда соҳавий хизматлар томонидан ишлаб чиқилган инновацион лойиҳалар, жумладан, «Ақлли пиёдалар ўтиш жойи» лойиҳаси тақдим қилиниб, пиёдалар ҳаракатига қараб автоном равишда ёритиш ҳамда ҳайдовчиларни огоҳлантириш тизимининг ишлаш механизми намойиш этилди.
Шунингдек, «Ягона интеллектуал энергия мониторинг платформаси» ва «Хавфсиз видеоселектор ва инновацион давомат платформаси» ҳам тақдим этилди. Ушбу тизим профилактика инспекторларининг геолокация асосида хизмат фаолиятини назорат қилиш, кундалик йиғилишларни видеоселектор орқали ташкил этиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудлардаги тезкор вазиятни доимий мониторинг қилиш имконини беради.
Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов ҳар бир лойиҳа билан яқиндан танишиб, уларнинг амалий аҳамиятини юқори баҳолади.
Таъкидланганидек, мазкур инновацион ечимлар келгусида вилоят ҳудудида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини барвақт олиш, жамоат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати




