Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдаги йигирма тўртинчи сессиясида вилоятдаги криминоген вазият муҳокама қилинди
2026-07-19 10:00:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдаги йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудларда қонунийликни таъминлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлашга оид қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Сессия кун тартибидаги муҳим масалалардан бири сифатида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдумажид Шермуҳамедовнинг вилоятдаги криминоген вазият, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида 2026 йилнинг олти ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда ҳудудларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, жиноятчиликнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, “Хавфсиз маҳалла“ тамойили асосида профилактик ишларни ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам ахборот тақдим этилди.
Сессия давомида депутатлар ҳисобот юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш ва жамоат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Якунда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан йилнинг иккинчи ярмида ҳам жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини кучайтириш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни изчил давом эттириш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси қатъий назоратга олиниши таъкидланди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


