Сурхондарёда жиноятчиликка қарши курашишда манзилли ёндашув: ҳудудларда ўрганишлар давом этмоқда
2026-07-19 09:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбири доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ташкил этилган штаблар фаолияти жойларда танқидий тарзда ўрганилмоқда.
Ишчи гуруҳнинг дастлабки манзили Узун туманидаги қизил тоифага кирувчи “Ўзбекистон” маҳалласи бўлиб, маҳалла еттилиги аъзоларининг фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, Маландиён маҳалласи профилактика инспекторининг хизмат уйи, тозалиги, ободонлаштириш ишлари кўздан кечирилиб, хизмат ҳудудидаги криминоген вазият, профилактик ишлар самарадорлиги ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан масъуллар билан мулоқот ўтказилди.
Шундан сўнг Узун тумани ҳокимлигида туман ҳокими, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, ички ишлар органлари ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда ҳудудларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, рақамлаштириш, видеокузатув тизимларини кенгайтириш, хонадон ва объектларни қўриқлаш хизматига жалб этиш, оилавий-маиший низолар ва жиноятларнинг олдини олиш борасидаги ишлар танқидий муҳокама қилиниб, масъулларнинг ахборотлари тингланди ва аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ўрганишлар Сариосиё туманида ҳам давом эттирилиб, туман ИИБда ободонлаштириш ишлари ҳамда “Хавфсиз ва соғлом юрт” штаби фаолияти таҳлил қилинди.
Шунингдек, Афросиёб ва Лутфкор маҳаллалари еттилиги аъзоларининг фаолияти, жиноятчиликни жиловлаш борасидаги амалий ишлари жойига чиқилган ҳолда ўрганилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳоли осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бу каби манзилли ўрганишлар барча шаҳар ва туманларда изчил равишда давом этмоқда.
“Хавфсиз маҳалла — тинч ва фаровон ҳаётнинг энг мустаҳкам пойдеворидир.”
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









