Огоҳлик, тезкорлик, масъулият. «Навбатчилик қисми эшитади!»
2026-07-18 10:30:00 / Янгиликлар

Бир қўнғироқ, бедор тун ва ўнлаб хонадонлар осойишталиги ҳақида
Телефоннинг бир жиринглаши
Соат миллари тунги ўн бирни кўрсатмоқда.
Кўпчилик хонадонларда чироқлар аллақачон ўчган.
Мирзо Улуғбек тумани 2-сонли Ички ишлар бўлими Навбатчилик қисмида эса тунги смена бошланган. Телефоннинг ҳар бир жиринглаши оддий товуш эмас — кимнингдир дарди, кимнингдир қўрқуви, кимнингдир умиди. Баъзан эса у бир неча оила тинчлигини сақлаб қолиш имкониятидир.
Навбатчи деганда аксарият шунчаки телефон гўшагини кўтарувчи ходимни тасаввур қилади. Аслида эса Навбатчилик қисми — гўё ички ишлар органларининг юраги. Бу ерга келиб тушган ҳар бир мурожаат сониялар ичида таҳлил қилинади. Вазият баҳоланади, ҳудуд аниқланади, қайси хизмат юборилиши белгиланади. Зарурат бўлса, бир вақтнинг ўзида профилактика инспектори, патруль-пост хизмати, қўриқлаш бўлинмалари ва бошқа кучлар ҳаракатга келади.
Ҳар бир қарор инсон тақдирига таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли навбатчининг бирор сония бепарво бўлишга ҳаққи йўқ.
«Илтимос, ёрдам беринг...»
Ана шундай дақиқаларда телефон жиринглади.
— Қўшни хонадондан баланд шовқин эшитиляпти. Ёш болалар қўрқиб уйғониб кетди... Илтимос, ёрдам беринг.
Мурожаат ортида оддий фуқаронинг хавотири бор эди. Манзил — Мунавварқори маҳалласи, Пилла кўчаси. Ўша тун навбатчиликда хизмат олиб бораётган катта инспектор-навбатчи, катта лейтенант Ойдин Хонкелдиева вазиятни бир зумда баҳолади. Керакли маълумотларни аниқлади.
Вақтни бой бермади. Тунги хизматда бўлган 297-йўналиш автоэкипажи ҳамда профилактика инспектори, лейтенант Ҳусниддин Бекқулов воқеа жойига йўналтирилди.
Кескин вазият
Ходимлар манзилга етиб келганида хонадондаги баланд мусиқа овози ташқаригача эшитилар, шовқин-сурон давом этаётган эди.
Тун сукунати аллақачон бузилган. Қўшни хонадонларда чироқлар қайта ёқилган. Болалар уйғониб кетган. Кексалар безовта, норози кайфиятда хонадонлар деразаларидан боқарди.
Воқеа иштирокчилари ички ишлар ходимларининг қонуний талабини дарҳол қабул қилмади. Бир муддат ҳолат таранг тус олди. Бундай вазиятларда салгина нотўғри муомала, битта ноўрин сўз можарони янада кучайтириши мумкин. Аммо ҳақиқий профессионалнинг кучи баланд овозида эмас, аксинча — вазминлигида.
Лейтенант Ҳусниддин Бекқулов оқилона йўл тутди. Фуқарога жавобан овозини кўтармади. Кескинликни кескинлик билан енгишга уринмади. Аввало тинглади, сўнг тушунтирди. Фуқароларга қонун талабларини хотиржам оҳангда етказди. Инсон қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда мулоқот олиб борди.
Натижада вазият изига тушди. Воқеа иштирокчилари бўлган хонадон эгалари ходимнинг вазифаси масъулиятини ҳам, ўз фуқаролик бурчини ҳам англаб етди. Маҳаллага сокинлик қайтди.
Одамлар фақат натижани кўради
Ички ишлар органлари фаолиятининг энг мураккаб томони ҳам шунда — кўпчилик якуннигина кўради. Лекин ўша якунга келгунча қанчалик кучли руҳий босим, қандай масъулият, сабр ва профессионаллик яширин эканини ҳамма ҳам билавермайди.
Бир қарашда оддий кўринган тунги мурожаат айрим ҳолларда оғир жиноятга, оилавий фожиага ёки инсон ҳаёти учун хавф туғдирувчи вазиятга айланиши ҳам мумкин. Шу боис ички ишлар ходими учун ҳар бир қўнғироқ — жиддий синов.
Вазият ижобий ҳал этилгач, мурожаат қилган фуқаро ички ишлар ходимларига миннатдорлик билдирди.
— Болаларимиз яна тинч ухлаяпти. Шундай фидойи ходимлар борлиги учун маҳалламиз ҳам, юртимиз ҳам осойишта. Сизларга раҳмат.
Бу шунчаки миннатдорлик эмасди.
Бу ички ишлар органларига билдирилган ишонч эди.
Тунги осойишталик — қонун талаби
Жамоат тартибини ва тунда фуқароларнинг тинчини бузиш қонунчиликда жавобгарликка сабаб бўлади.
Юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси талабларига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Мазкур норма фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни белгилайди. Қонуннинг мазмуни оддий ҳақиқатни англатади: тунги осойишталик — ҳар бир фуқаронинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқидир.
Шифокор тавсияси: нега соат 22:00 дан ухлаш керак?
Невропатолог-нейропсихолог Собитжон Қурбоновнинг таъкидлашича, инсон организми кечки ва тунги соатларда тикланади.
— Уйқуга кетиш учун энг мақбул вақт тунги соат ўн атрофидир. Шунда бош миянинг табиий тикланиш жараёнлари меъёрида кечади, мелатонин гормони яхши ажралади ва асаб тизими дам олади. Тунги шовқин эса уйқу сифатини бузади, стрессни кучайтиради, иммунитетни пасайтиради. Айниқса, болалар ва кексалар учун бу вақтда ором олиш саломатликнинг муҳим шартидир.
Демак, ички ишлар ходимлари фақат жамоат тартибини эмас, аслида одамларнинг саломатлиги ва эртанги кунини ҳам ҳимоя қилмоқда.
«Вазифамиз — халқ тинчлигини асраш»
Катта лейтенант Ойдин Хонкелдиева шундай дейди:
— Ҳар бир навбатчилик бошқача ўтади. Турли характердаги инсонлар билан мулоқот қиламиз. Баъзан ҳиссиётга берилган, баъзан маст ҳолатда бўлган фуқаролар ҳам учрайди. Лекин биз нафақат вазиятга қараб, балки биринчи навбатда қонун бўйича ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз — фуқаролар тинчлигини сақлаш, билдирилган ишончни оқлаш.
Лейтенант Ҳусниддин Бекқулов сўзларидан:
— Баъзан одамлар хизмат вазифамизни шахсий муносабат деб қабул қилади. Лекин вақт ўтиб, ҳаммаси ўз тинчлиги учун қилинаётганини тушунади. Фуқароларнинг самимий «раҳмат» дегани биз учун энг катта мукофот.
Тунги шаҳар ухлайди.
Навбатчилик қисмида эса яна телефон жиринглайди.
Яна кимдир ёрдам сўрайди.
Яна бир экипаж йўлга чиқади.
Яна кимдир ўз оиласи бағрида эмас, хизмат автомобилида тонг оттиради.
Чунки улар битта ҳақиқатни яхши билади:
Ватан тинчлиги ҳамиша ҳам катта жангларда эмас, баъзан мана шундай кичик, аммо ўз вақтида ҳал этилган масалалардан бошланади.
Эрталаб уйғонганимизда кўчаларимиз осойишта, маҳаллаларимиз тинч ва фарзандларимиз хотиржам бўлса, бу тасодиф эмас.
Бу — тунни бедор ўтказган, ҳар бир қўнғироққа масъулият билан жавоб берган, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдирини кўра олган ва воқеа жойига чиқиб, масалага ечим топиб, қонуний иш тутган ички ишлар ходимларининг машаққатли меҳнати самараси.
Шундай фидойи инсонлар бор экан, юртимиз тинчлиги, маҳаллаларимиз осойишталиги ва болаларимизнинг беғубор уйқуси ишончли қўлларда. Уларнинг хизматини қадрлаш эса ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси
