Раҳбар аёллар салоҳиятини юксалтириш сари муҳим қадам
2026-07-18 09:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида «Раҳбар аёллар» қайта тайёрлаш таълим дастурининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони асосида ташкил этилган мазкур дастур замонавий бошқарув компетенцияларига эга, стратегик фикрлайдиган, ташаббускор ва масъулиятли аёл раҳбарларни тайёрлаш ҳамда уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади. Мазкур тадбирда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Аҳмедова иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларнинг раҳбарлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар изчил давом этаётганини алоҳида таъкидладилар.
Сўзга чиққанлар дастур тингловчилари ўқув жараёнида замонавий бошқарув ёндашувлари, стратегик режалаштириш, лидерлик, самарали мулоқот ва илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштиришлари уларнинг келгусидаги фаолияти учун мустаҳкам пойдевор бўлишини қайд этди. Шунингдек, дастур битирувчилари Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган малакали ва фидойи аёл раҳбарлар сафини янада кенгайтиришига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси



