Тошкентда «Бош бошқарма бошлиғи кубоги» учун футбол мусобақаси ғолиблари аниқланди
2026-07-17 17:20:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида соғлом турмушни тарғиб қилиш ва спортни янада ривожлантириш мақсадида мунтазам равишда спорт мусобақалари ташкил этиб келинмоқда. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ўртасида «Футбол» спорт тури бўйича «Бош бошқарма бошлиғи кубоги» мусобақаси юқори савияда ташкил этилди.
Мусобақада Бош бошқарманинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимларидан шакллантирилган жами 17 та терма жамоа иштирок этиб, ғолиблик учун қизғин ва муросасиз баҳслар олиб борди.
Финал учрашувлари натижаларига кўра:
· 1-ўрин – Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси жамоаси;
· 2-ўрин – Яшнобод тумани ИИО ФМБ жамоаси;
· 3-ўрин – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси марказий аппарати жамоасига насиб этди.
Шунингдек, мусобақа якунларига кўра қуйидаги иштирокчилар алоҳида номинациялар бўйича тақдирландилар:
· «Энг яхши ўйинчи» – Юнусобод тумани ИИО ФМБ МваФРБ инспектори, кичик сержант Хайитбоев Иззатбек Валижон ўғли;
· «Энг яхши тўпурар» – Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси ходими, капитан Абулқосимов Умид Умарович;
· «Энг яхши дарвозабон» – Олмазор тумани ИИО ФМБ ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант Алиқулов Асадбек Нурали ўғли.
Мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросимида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва шаҳар прокурори иштирок этиб, барча ўйинчиларга омад ва муваффақиятлар тилади. Шунингдек, бош бошқарма бошлиғи прокуратурада ҳам футбол бўйича «Шаҳар прокурори кубоги» мусобақаси бўлиб ўтганлигини билдириб, икки тизимдаги футбол мусобақа ғолиблари ўзаро беллашиши юзасидан таклиф билдирди. Зеро, ички ишлар органлари ва прокуратура ходимлари нафақат жиноятчиликка қарши курашишда ҳамжиҳат, балки жамоавий спортда ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўяди.
Бу каби мусобақалар ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати




