Сурхондарё вилояти ИИБда олти ойлик фаолият танқидий таҳлил асосида сарҳисоб қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди
2026-07-17 11:10:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Тимур Исмаилов иштирокида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган кенгайтирилган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Видеоселектор тарзида ташкил этилган йиғилишда бошқарма раҳбарияти, соҳавий хизматлар, шаҳар-туман ички ишлар органлари раҳбарлари ва шахсий таркиб иштирок этди. Унда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш, аҳоли муаммоларини “фуқаробай” ҳал этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилган ишлар танқидий руҳда таҳлил қилинди.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Акмал Муратов томонидан 2026 йилнинг олти ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этилди.
Тадбирда сўз олган Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов Президент қарорлари ижроси, мурожаатлар билан ишлаш, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлиги, хизмат интизоми ва қонунийлик масалаларини атрофлича таҳлил қилиб, коррупция ва тамагирликнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо муросасиз муносабатда бўлиш, ходимларнинг касбий ва жанговар тайёргарлигини янада ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Шунингдек, 1–31 июль кунлари ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирининг дастлабки 15 кунида эришилган натижалар ҳамда мавжуд камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга қатъий топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида хизмат фаолиятида сусткашлик ва камчиликларга йўл қўйган айрим раҳбар ва ходимлар фаолияти танқидий кўриб чиқилди, масъулиятни янада ошириш ҳамда аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда интизом, масъулият ва ҳалоллик — ҳар бир ходимнинг энг асосий бурчидир.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



