Маҳалла посбони. Кўзга кўринмас меҳнат меваси
2026-07-16 23:00:00 / Янгиликлар

Профилактика инспекторининг энг катта ютуғи жиноятчини қўлга олиш эмас, балки жиноят содир этилишига асло йўл қўймасликдир. Зеро, осойишталик ўз-ўзидан бир кунда яралиб қолмайди. У ҳар куни одамлар дарди билан яшаш, ҳар бир оиланинг ташвишига қулоқ тутиш ва муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш орқали бунёд бўлади.
Тупроққалъа тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспектори, катта лейтенант Бобомурод Рўзибоев ана шундай юксак масъулиятни ўз фаолиятининг бош мезонига айлантирган фидойи ходимлардан биридир. Оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган Бобомурод Рўзибоев айни пайтда тумандаги «Нукус маскани» маҳалласида жойлашган хизмат уйида истиқомат қилади.
Оила ва хизмат масъулиятини уйғун олиб бораётган профилактика инспектори бугун ўзи фаолият юритаётган маҳалланинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Йиллар давомида тўпланган бой тажриба унинг касбий фаолиятида мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
«Нукус маскани» маҳалласида 1750 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 95 фоизини туркман миллатига мансуб фуқаролар ташкил этади. Вилоят марказидан қарийб 150 километр узоқликда жойлашган ушбу ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш алоҳида масъулият талаб этади.
Президентимизнинг тегишли қарори ижросини таъминлаш доирасида маҳалла еттилиги билан яқин ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ўтган давр мобайнида ҳудудда 119 та хулоса тайёрланиб, улар асосида кўплаб ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олди олинди. Бу эса профилактика фақат қоғоздаги ҳужжат эмас, балки амалда ҳам самара бераётганини яққол кўрсатади.
Маҳалладаги ижтимоий муаммолар ҳам доимий эътибор марказида. Оилавий низолар кузатилган 6 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинди. Шунингдек, муқаддам судланган икки нафар шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилиб, улар билан мунтазам профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, спиртли ичимликларга ружу қўйган икки нафар фуқаро томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олди олинди. Улар Хоразм вилояти наркология диспансерининг мажбурий даволаш бўлимига жойлаштирилди.
Бугун катта лейтенант Бобомурод Рўзибоев нафақат ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган ходим, балки маҳалланинг чинакам маслаҳатчиси, оилаларнинг ишончли суянчи, ёшларнинг йўл кўрсатувчиси ва энг муҳими, ҳудуднинг фидойи тинчлик посбонига айланган.
Зеро, у таъминлаётган осойишталик ортида ҳар куни одамлар қувончи ва ташвиши билан бирга яшаш, уларнинг дардига шерик бўлиш ҳамда муаммоларини барвақт бартараф этишдек машаққатли ва кўзга кўринмас меҳнат мужассам.
©️ “Postda” газетаси
