Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ раҳбарияти томонидан оғир оқибатли жиноятлар танқидий муҳокама қилинди
2026-07-16 11:00:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ҳамда республика прокурори иштирокида Нукус шаҳрида юз берган оғир оқибатли жиноятлар юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда содир этилган ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитлари атрофлича таҳлил қилиниб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жиноятчиликка қарши курашишда унинг оқибатларини бартараф этиш билан чекланиб қолмасдан, жиноятларни келтириб чиқараётган омиллар ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ҳамда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.
Йиғилиш давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар самарадорлиги танқидий баҳоланиб, маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, профилактика инспекторлари фаолиятини янада кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш ва ижтимоий профилактика механизмларини такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, ҳар бир оғир ва ўта оғир жиноят бўйича қонуний, холис ва ҳар томонлама тергов ҳаракатларини таъминлаш, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида масъул раҳбарларга жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати






