Қўшсаҳифада — осойишталикнинг ишончли кафолати
2026-07-15 23:00:00 / Янгиликлар

Тинчлик ва осойишталик ўз-ўзидан бўладиган неъмат эмас. У ҳар куни, ҳар бир маҳалла ва хонадонда қилинаётган машаққатли ва тизимли меҳнат, қатъий тартиб-интизом ҳамда улкан масъулият самарасидир. Зеро, инсон ўзини хавфсиз ҳис қилган жамиятдагина тараққиёт бўй кўрсатади, бунёдкорлик муҳити мустаҳкамланиб, эртанги кунга ишонч ортади.
Хоразм вилоятида жорий йилнинг ўтган даври давомида айнан мана шу устувор тамойиллар асосида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Фаолиятнинг ушбу даврига бағишланган ҳисобот йиғилишида ҳар бир йўналиш танқидий таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар очиқ муҳокама этилди. Эътиборлиси, барча куч ва воситалар асосан жиноят оқибатларига қарши курашишга эмас, балки уларнинг барвақт олдини олишга сафарбар этилгани таъкидланди.
Ҳисобот даврида вилоятда 2 минг 723 та жиноят қайд этилган. Таҳлиллар уларнинг 56 фоиздан ортиғи ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир қилинганини кўрсатди. Бу эса жиноятчилик тобора рақамли маконга кўчайотганини англатади. Шу боис хавфсизликни таъминлашда замонавий ёндашувлар, кучли профилактика ва манзилли ишлашга устувор аҳамият қаратилди.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар асосида криминоген вазият чуқур ўрганилиб, ҳудуд раҳбарлари, профилактика инспекторлари ҳамда мутасадди ташкилотлар иштирокида аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Зеро, асосий мезон жиноятлар статистикаси эмас, балки уларнинг олдини олиш борасида эришилган натижалардир.
Кўрилган чоралар самарасида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 6,6 фоизга камайди. Фирибгарлик 43 фоизга, ўртача оғир тан жароҳати етказиш ҳолатлари 40 фоизга, йўл-транспорт ҳодисалари эса қарийб 29 фоизга қисқарди.
Айрим турдаги жиноятлар умуман содир этилмагани профилактика ишларининг самарадорлигини тасдиқлади.
Айни пайтда талончилик, безорилик, ўғирлик ва оилавий зўравонлик каби йўналишларда вазифаларимиз ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда. Бу борада ҳар бир ҳолат танқидий таҳлил қилиниб, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги кучайтирилди.
Биз учун энг муҳим натижа — шунчаки жиноятларни фош этиш эмас, балки фуқароларнинг давлатга, қонун устуворлигига ишончини мустаҳкамлашдир.
Чунки хавфсизлик статистика билан эмас, халқнинг осойишта ҳаёти ва эртанги кунга ишончи билан баҳоланади.
Шу мақсад йўлида профилактика, очиқ мулоқот ҳамда жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик бундан буён ҳам фаолиятимизнинг бош мезони ва устувор йўналиши бўлиб қолади.
Абдумажид Шермухамедов, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник.
