Хоразм вилояти ИИБда жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва келгуси давр учун чора-тадбирларни белгилаб олишга қаратилган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
2026-07-15 11:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 14 июль куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида амалга оширилган хизмат фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат мадҳияси ижроси билан бошланган тадбирга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов раислик қилди.
Йиғилишда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов, унинг ўринбосарлари, бошқарманинг соҳавий хизматлари раҳбарлари, масъул ходимлар, шаҳар ва туман ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этди. Шунингдек, ҳудудий бўлинмаларнинг бошқа шахсий таркиби видеоконференцалоқа тизими орқали йиғилиш жараёнига уланди.
Йиғилиш кун тартибидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, аҳоли билан манзилли ишлаш, шунингдек ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили ўрин олди.
Кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Илҳом Тиллаев маъруза қилиб, ўтган олти ой давомида амалга оширилган тезкор-қидирув, профилактик ва ташкилий чора-тадбирлар, уларнинг натижадорлиги ҳамда хизмат фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини атрофлича таҳлил қилди.
Шу билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва иш самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда хизмат фаолиятида камчиликларга йўл қўйган соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Ҳар бир йўналиш кесимида аниқланган муаммолар юзасидан масъулларга қатъий топшириқлар берилиб, уларни бартараф этиш, хизмат самарадорлигини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш сифатини янада яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда сўз олган Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов ўтган олти ой давомида аниқланган камчиликлар чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганини таъкидлади.
У ҳар бир раҳбар ва ходим ўз хизмат вазифасига юксак масъулият билан ёндашиши, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ манфаатларига сидқидилдан хизмат қилиш ва фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этиши зарурлигини қайд этди.
Йиғилиш якунида Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида қатор ижобий натижаларга эришилганини эътироф этди.
Шу билан бирга, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, хизмат фаолиятига замонавий бошқарув ва назорат механизмларини кенг жорий этиш, профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш, ҳар бир ходимнинг шахсий масъулиятини кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берди.
Шунингдек, вазир ўринбосари ҳар бир ички ишлар органи ходими Она Ватан ва Президентга садоқат билан хизмат қилиши, халқ манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг энг устувор бурчи деб билиши ҳамда кундалик фидокорона меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига муносиблигини амалда намоён этиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Ҳисобот йиғилиши давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгуси фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Мазкур йиғилиш тизимда хизмат самарадорлигини янада ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ҳамда аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати






