Бухоро вилояти ИИБда «Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги« доирасидаги ишлар таҳлилига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди
2026-07-14 12:45:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13 июль куни Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасида вилоят ИИБ бошлиғи раислигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир анъанага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садоси остида бошланиб, унда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари ҳамда туман-шаҳар ички ишлар органларининг барча шахсий таркиби жойлардаги студиялардан иштирок этдилар.
Йиғилиш кун тартибига кўра, дастлаб ҳудудларда ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт« кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг 11 куни давомида амалга оширилган ишлар таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир давомида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, муҳокама қилинди. Шунингдек, халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал этиш аҳволи ҳамда бу борада бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида алоҳида тоифаланган шахслар билан ишлаш, хусусан, профилактик ҳисобга олиш, маъмурий назорат ўрнатиш ва маъмурий баённома тузиш аҳволи танқидий таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Навбатдаги муҳим масала сифатида, ички ишлар органлари ходимлари томонидан йўл қўйилган салбий ҳолатлар, ижрочилик ва хизмат интизомига риоя этилиши ҳолати кўриб чиқилди. Ижрочилик ва хизмат интизомига риоя қилмаганлиги оқибатида интизомий тартибда жазоланган ходимларнинг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилиниб, бутун шахсий таркиб қонунчилик ҳамда хизмат интизомига қатъий амал қилиши шартлиги яна бир бор уқтирилди.
Тадбир сўнгида ўзининг намунали хизматлари билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган, хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришган ходимларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



