Ички ишлар вазирлиги ва ТАТУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2026-07-14 12:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига ташриф буюрди.
Ташриф давомида делегация аъзолари университетда яратилган замонавий ўқув-илмий инфратузилма, илғор лабораториялар ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида амалга оширилаётган инновацион ишланмалар билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг университет раҳбарияти, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида ички ишлар органларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш, соҳага замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Меморандумга мувофиқ, томонлар киберхавфсизлик, сунъий интеллект, Big Data, телекоммуникация ва бошқа замонавий ахборот технологиялари йўналишларида қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш, Ички ишлар вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш, талаба ва магистрантларнинг амалий тайёргарлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, стартап ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Мазкур меморандум ички ишлар органларида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, илғор ахборот технологияларини хизмат фаолиятига кенг татбиқ этиш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимиз учун юқори малакали ахборот технологиялари мутахассисларини тайёрлаш йўлидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Ахборот хизмати









