Наманганда кириш тест синовлари учун яратилган шароитлар ва хавфсизлик чоралари ўрганилди
2026-07-14 11:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 14–23 июль кунлари республика бўйлаб олий таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовлари ўтказилади.
Шу муносабат билан Наманган вилоятида тест синовларини хавфсиз ва тартибли ташкил этиш мақсадида зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Давлатобод туманидаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Наманган вилояти бўлими, Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуаси тест синовлари ўтказиладиган масканлар сифатида тайёрланди.
Мазкур объектларда яратилган шароитлар ва хавфсизлик чораларини ўрганиш мақсадида Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жойларда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида кириш-чиқиш тартиби, павильон ва аудиториялар хавфсизлиги, абитуриентлар ҳамда уларнинг яқинлари учун яратилган қулайликлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва автотураргоҳлар фаолияти кўздан кечирилди.
Аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тест синовларини белгиланган тартибда ўтказиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Жараён Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан доимий назорат остида олиб борилади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



