Соҳа фидойилари. Меҳр — қалб безаги
2026-07-13 23:00:00 / Янгиликлар

«Одатда болалик деганда хаёлимизда энг гўзал хотиралар жонланади. Бироқ вояга етмаганлар билан иш бошлаган илк кунларимданоқ англадимки, ҳамманинг ҳам болалиги бахтли ўтмас экан. Қанчадан-қанча мурғаклар қалби синиқ ҳолда яшаётганини кўриб, юрак-бағрим эзилган. Ўшанда ўз-ўзимга болаларнинг дил оғриқларига малҳам бўлишга сўз бергандим...»
Марказдаги тўгараклар. Сурхондарё вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази тартибот ишчи гуруҳи тарбиячиси, катта сержант Сарвиноз Сафарова ўз аҳдига содиқ қолган ҳолда, синиқ тақдирлар кемтигини ямаш, адашган ёшларни тўғри йўлга бошлаш йўлида фидокорона хизмат қилиб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида Марказга ҳаётда адашган, қаровсиз ва назоратсиз қолган, тўғри йўлдан чалғиб, носоғлом муҳитга тушиб қолган кўплаб қоракўзлар келтирилди. Катта сержант С.Сафарова дастлаб уларнинг оилавий шароити ва руҳиятини синчиклаб ўрганди, сўнгра ҳар бир болага меҳр кўрсатиб, уларни ҳунар ўрганишга, келажак ҳақида эзгу орзулар қилишга ундади.
Марказимизда тикувчилик, пазандалик, сартарошлик, устачилик ва мусиқа каби турли тўгараклар фаолият юритади, — дейди катта сержант Сарвиноз Сафарова. Болалар бу тўгаракларда фойдали меҳнат билан банд бўлишади, муайян бир ҳунарни ўрганишади. Хулқ-атворида муаммолари бўлган айрим тарбияланувчилар айнан тўгарак машғулотлари орқали ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашни, ўз қобилиятларини кашф этишни ўрганади.
Умид учқунлайди уч қиз кўзида. Лавҳамиз қаҳрамони тақдир синовларига дуч келган уч нафар қизни ўз қарамоғига олган. Улардан бирининг ота-онаси барвақт ҳаётдан кўз юмган бўлса, яна икки нафарининг онаси жазо муддатини ўтаётгани сабабли чин меҳр ва эътиборга муҳтож эди.
Сарвиноз Сафарова уларни ўз фарзандларидек бағрига босиб, таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият қаратди. Бугунги кунда ушбу қизлар билим олишга интилиб, ютуқларга эришмоқда. Энг муҳими, улар эртанги кунга ишонч билан қарашни ўргандилар.
Турмуш ўртоғим ҳам ички ишлар органи ходими бўлгани учун мени тўғри тушунади ва қўллаб-қувватлайди. Айниқса, қайнона ва қайнотам бу қароримни маъқуллаб, ҳам ўз фарзандларимнинг, ҳам бағримизга олган уч нафар қизнинг тарбиясида яқиндан кўмакдош бўлишмоқда, — дейди у фахр билан.
Меҳрибон тарбиячи, ҳақиқий она. Ўн етти йилдан буён болалар билан бирга бўлиб келаётган катта сержант Сарвиноз Сафарова учун тарбиячилик шунчаки касб ёки хизмат вазифаси эмас, балки ҳаётий эътиқоддир. Унинг наздида ҳар бир бола иккинчи имкониятга, меҳрга лойиқ. Шу боис у марказга келган ҳар бир вояга етмаганнинг қалбига йўл топишга интилади.
Сарвиноз Сафарова нафақат хизмат бурчини сидқидилдан бажармоқда, балки кўплаб болалар учун меҳрибон тарбиячи ва ҳақиқий она тимсолига айланиб улгурган.
Унинг фидокорона меҳнати ИИВ раҳбарияти томонидан муносиб эътироф этилган. Ўтган йили «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун» III даражали кўкрак нишони билан тақдирлангани бунинг яққол исботидир.
©️ “Postda” газетаси, Феруза Раҳмонқулова, Сурхондарё вилояти.
