ИИВ ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятида сайёр қабул ўтказилиб, хизмат фаолияти ўрганилди
2026-07-12 11:30:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида ўтказилаётган «Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги» доирасида Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилоятида хизмат фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш давомида фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилиб, 45 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Шундан 26 та мурожаат жойида ҳал этилиб, мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди, 19 та мурожаат эса қўшимча ўрганиш учун ижрога қаратилиб, қонуний ҳал этилиши назоратга олинди. Шунингдек, 16 ёшга тўлган ва илк бор шахсни тасдиқловчи ҳужжат олаётган ёшларга вазир ўринбосари томонидан ИД-карталар топширилди.
Тадбирлар давомида, ИИБ ҳузуридаги «Юлдузча» мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ўрганилиб, тарбиявий жараённи миллий қадриятлар асосида такомиллаштириш, хорижий тажриба ва замонавий методикаларни жорий этиш, педагоглар малакасини ошириш, моддий-техник базани янада яхшилаш ҳамда тизимдаги мактабгача таълим ташкилотлари ўртасида илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида фуқароларни қабул қилиш тизими, навбатчилик қисми фаолияти, рақамли алоқа воситалари, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари ҳамда ходимлар учун яратилган хизмат ва спорт шароитлари кўздан кечирилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, илғор тажрибаларни тизим бўйлаб оммалаштириш, хизмат интизоми ва иш самарадорлигини янада ошириш ҳамда долзарб ойлик доирасида белгиланган вазифаларнинг сифатли ижросини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқ ва амалий кўрсатмалар берилди.









