ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментида кириш имтиҳонлари ва ёзги мавсумда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари муҳокама қилинди
2026-07-11 10:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи генерал майор Рустам Джураев раислигида видеоселектор шаклида идоралараро тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари полковник Шерзод Ибрагимов, Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Санжар Зупаров ҳамда ҳудудий бўлинмаларнинг масъул раҳбар иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига ёзги мавсумда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга оид учта асосий масала киритилди.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан йиғилиш иштирокчилари томонидан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёнида жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, тест синовлари 14 июль кунидан бошланади (Тошкент вилояти ва Фарғона вилояти Сўх туманида — 17 июль кунидан) ҳамда икки босқичда ўтказилади. Унда жами 660 минг нафардан ортиқ абитуриент иштирок этади.
Ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шахсий таркиби жалб этилади.
Барча объектларда рамкали ва қўлда ишлатиладиган металлодетекторлардан фойдаланган ҳолда назорат пунктлари ташкил этилади, шунингдек, видеокузатув тизими орқали назорат таъминланади.
Имтиҳон ўтказиладиган ҳудудлар яқинида транспорт ҳаракатига вақтинчалик чекловлар жорий этилиши ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига олдиндан етказиб борилади.
Кун тартибидаги иккинчи масала доирасида иссиқ об-ҳаво шароитида дам олиш жойлари, соғломлаштириш оромгоҳлари ва сув ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш чоралари муҳокама қилинди.
Йиғилишда дам олиш жойлари ва 181 та соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, сув ҳавзаларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари рухсат этилмаган жойларда чўмилиш ва болалар устидан етарли назорат ўрнатилмагани экани қайд этилди. Шу муносабат билан профилактик тадбирларни кучайтириш ва хавфли сув объектларини қайта ўрганиш бўйича вазифалар белгиланди.
Ҳудудий бўлинмалар раҳбарларига болаларнинг оромгоҳларда бўлиш шароитларини, жумладан, уларни ичимлик суви билан таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини ҳамда куннинг энг иссиқ вақтларида оммавий тадбирларни чеклаш чораларини қатъий назорат қилиш вазифаси юклатилди.
Кун тартибидаги учинчи масала доирасида бозорлар ва йирик савдо объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Асосий эътибор ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилди. Муҳокамалар якуни бўйича масъулларга бозорларда хизматни ташкил этиш ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, зарур ҳолларда патруллик йўналишлари ва постларни тезкор равишда қайта кўриб чиқиш, шунингдек, савдо мажмуалари маъмуриятлари билан ҳамкорликни кучайтириш вазифалар белгилаб берилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати



