Ибрат. Уч оға-ини хизматда
2026-07-11 23:00:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган фидойи ходимлар орасида уч ака-уканинг ҳаёт йўли ва ибратли фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Тизимнинг турли соҳаларида хизмат қилаётган бўлсада, уларни ягона мақсад — юрт тинчлиги ва эл осойишталигини таъминлашдек эзгу мақсад, олий бурч бирлаштириб туради.
Оиланинг тўнғичи Асқар Нормўминов вилоят ИИБ ЖХХ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Конвой хизмати ходими, унвони — катта сержант. Ўн олти йиллик тажрибага эга ходим фаолиятини қўриқлаш хизматида бошлаган, сўнгра ППХ батальонида давом эттирган.
Зиммасидаги вазифаларга масъулият билан ёндашиб келаётган Асқар ҳозирги кунда тўплаган бой амалий тажрибасини ёш ҳамкасбларига ўргатиб, «Устоз-шогирд» анъанаси ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўртанча фарзанд, катта сержант Аббос Бобоназаров бошқарма ЖХХ ЖТСБ ППХ батальонида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда фаоллик кўрсатмоқда.
Ҳушёрлиги, қатъияти боис у ҳамкасблари ўртасида обрў-эътибор қозонган.
Кенжа ука, сафдор Суҳроб Бобоназаров тизимда фаолият бошлаганига унчалик кўп вақт бўлмади: у уч йилдан буён қўриқлаш хизматида. Айни пайтда Деҳқонобод тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати 1-отряди ходими сифатида зиммасидаги вазифаларни муваффақиятли адо этиб келмоқда.
Уч ўғилни Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат руҳида вояга етказган қамашилик Шодиёр ота Бобоназаров ва Зумрад ая Турдиева уларнинг элга қилаётган хизматидан фахрланиб, фарзандлари учун доим дуода.
©️ “Postda” газетаси, Содиқ Раҳимов, Қашқадарё вилояти.
