Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳи томонидан Янгиқўрғон туманида навбатдаги комплекс ўрганиш ишлари олиб борилди
2026-07-11 09:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳудудида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирларининг иккинчи босқичи доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида бошқарма раҳбарияти томонидан ҳудудларда тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда.
Навбатдаги комплекс ўрганишлар Янгиқўрғон туманида ташкил этилиб, «қизил» тоифадаги «Қораполвон», «Бешбулоқ», «Маданият» ҳамда «Солмон» маҳаллаларида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларининг фаолияти атрофлича ўрганилди.
Мазкур маҳаллаларнинг «қизил» тоифага тушишига сабаб бўлган омиллар танқидий таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда маҳаллаларни босқичма-босқич «яшил» тоифага ўтказиш юзасидан аниқ вазифа ва топшириқлар белгиланди.
Шунингдек, туман ИИБнинг хизмат фаолияти ҳамда «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирларининг амалга оширилиш ҳолати муҳокама қилиниб, мавжуд камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбар ва ходимлар қатъий огоҳлантирилди ҳамда аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Бу каби комплекс ўрганишлар Наманган вилоятининг барча туман ва шаҳарларида изчил давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






