ИИВ ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида «Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги» доирасида хизмат фаолияти ўрганилди
2026-07-11 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида ўтказилаётган «Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги» доирасида вазир ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилояти ички ишлар органларининг хизмат фаолияти, профилактика ишлари ҳамда хизмат интизоми ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Сариосиё тумани ИИБда ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари, моддий-техника базаси ва профилактика ишлари, Узун туманида маҳалла еттилиги ҳамда профилактика инспекторларининг манзилли фаолияти, Денов туманининг «Буюк келажак» маҳалласида эса видеокузатув тизимлари, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, жойлардаги ишлаш тизимининг самарадорлиги, профилактик тадбирларнинг ташкил этилиши ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш амалиёти алоҳида таҳлил қилинди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, профилактика ишлари самарадорлиги ва хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ойлик доирасида белгиланган вазифаларнинг сифатли ижросини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқ ва амалий кўрсатмалар берилди.









