Наманган вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг комплекс ўрганишлари Косонсой туманида давом этмоқда
2026-07-10 14:10:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада кучайтириш ҳамда маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганиш ишлари Косонсой туманида давом эттирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари «Янги йўл» ва «Ёшлик» маҳаллаларида бўлиб, профилактика ишларининг ташкил этилиши, аҳоли билан манзилли ишлаш, маҳалла еттилигининг ҳамкорликда амалга ошираётган чора-тадбирлари билан танишди.
Шунингдек, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида фаолият юритаётган чет тилларини ўргатиш тўгараклари ҳам кўздан кечирилди. Ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим жараёни сифати ва тўгараклар самарадорлиги юзасидан масъулларга тегишли тавсия ҳамда топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни турли салбий иллатлардан асрашга қаратилган профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш, шунингдек, «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирлари доирасида белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Бу каби комплекс ўрганишлар вилоятнинг барча ҳудудларида изчил давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



