ИИВ ишчи гуруҳи Сурхондарёда “Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги” доирасида ўрганишларни бошлади
2026-07-10 13:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 1–31 июль кунлари республика бўйлаб ички ишлар органлари тизимида ўтказилаётган “Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги” доирасида Сурхондарё вилоятида ҳам кенг қамровли ўрганиш ва профилактик тадбирлар бошланди.
Дастлаб ИИВ ишчи гуруҳи аъзолари Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган “Комплаенс-24 Тезкор гуруҳ штаб”и фаолияти билан танишиб, ойлик доирасида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиш ҳолатини ўрганишди.
Ўрганишлар давомида шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш маданиятини янада мустаҳкамлаш, хизмат масъулияти ва талабчанликни ошириш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан мутлақо муросасиз муносабатни шакллантириш, шунингдек хизмат фаолиятида ҳалоллик, шаффофлик ва адолат тамойилларини кенг қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, ходимларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, уларнинг оилавий муҳити ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, давлат томонидан яратилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Профилактик суҳбатлар орқали ҳар бир ходимнинг қонунга садоқати, Ватан олдидаги масъулияти ва касбий бурчини сидқидилдан бажариши муҳим экани яна бир бор таъкидланмоқда.
Тадбирлар доирасида амалий назорат ишлари ҳам ташкил этилган бўлиб, ички ишлар органлари тасарруфидаги хизмат автоуловларининг техник ҳолати, уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги, жиҳозланиши ҳамда тегишли ҳужжатларининг юритилиши синчковлик билан кўздан кечирилмоқда.
“Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги” доирасида амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар ички ишлар органларида хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, юксак маънавий муҳитни қарор топтириш, коррупциянинг олдини олиш, ҳалоллик ва очиқлик тамойилларини кучайтириш ҳамда халқ манфаатларига фидойилик билан хизмат қиладиган профессионал кадрлар фаолиятини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Зеро, юксак маънавият, мустаҳкам интизом ва ҳалоллик устувор бўлган тизимда халқ ишончи янада мустаҳкамланади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



